O‘zLiDeP “Халқ билан бирга” дастури доирасида 1 миллиондан зиёд хонадонларга кириб боради
2026 йил 2 апрель куни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурининг тақдимоти ўтказилди. Ушбу дастур Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсати, хусусан, камбағалликка қарши кураш, аҳолининг муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, инсон қадрини улуғлаш тамойилларини ҳаётга кенг жорий этишга қаратилган муҳим амалий ташаббус ҳисобланади.
Дастурнинг асосий мақсади — давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган самарали ислоҳотларни тарғиб қилиш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига манзилли кўмак кўрсатиш, бизнес ва жамият ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашдан иборат.
Дастур доирасида 2026 йил давомида 50 мингдан ортиқ тадбиркорлар иштирок этиши ва 1,5 миллиондан зиёд фуқарога турли кўринишдаги кўмак бериш режалаштирилган.
Ушбу дастурнинг “Юракка йўл” акцияси доирасида уйма-уй юриш орқали 1 миллиондан ортиқ хонадон қамраб олиниб, аҳоли муаммолари бевосита жойларда ўрганилади ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ режалар шакллантирилади.
Шу билан бирга, жойларда 10 дан ортиқ мобиль штаблар фаолияти йўлга қўйилиб, улар томонидан республика бўйлаб 200 дан ортиқ сайёр қабуллар ўтказилади. Бундан кўзланган мақсад аҳолининг барча мурожаатлари тингланиб, жойида ушбу масалаларга ечим топилади, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар олинади.
Дастур давомида “Маҳалла еттилиги” ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан ҳамкорликда эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими яратилади.
Шунингдек, дастурда ёшлар ва хотин-қизларни фаол жалб этишга алоҳида урғу берилган. Жумладан, ҳудудларда 50 та давра суҳбати, 100 дан ортиқ муҳокамалар, 50 та очиқ мулоқотлар, 10 та конференция ва 25 та йирик акциялар ташкил этиш режалаштирилган. Бу орқали аҳолининг турли қатламлари билан очиқ мулоқот ўрнатиш, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари замонавий ахборот технологияларидан ҳам самарали фойдаланилади. Хусусан, Телеграм-бот орқали онлайн сўровномалар ўтказиш, “Депутат билан очиқ суҳбат” онлайн платформасини ишга тушириш, “Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим” каби интерактив лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳоли билан доимий мулоқот йўлга қўйилади. Ижтимоий сўровномаларда аҳолининг фикр ва эҳтиёжларини тезкор аниқлаш, муаммоларни ўрганиш ҳамда қарор қабул қилишда жамоатчилик фикрига таянилади.
Ижтимоий ёрдамнинг турли шакллари йўналишида кам таъминланган оилаларни озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш, уларни тадбиркорлар томонидан оталиққа олиш, тиббий кўриклар ташкил этиш, иш ўринлари яратиш ва касбга ўқитиш каби манзилли чора-тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, “Бир оила – бир ҳомий”, “Яхшилик марафони”, “Фаровон оила”, “Инсон қадри улуғланган юрт”, “Кексаларга меҳр”, “Умид”, “Бир кунда – 1000 китоб”, “Саломатлик сари” каби ўнлаб ижтимоий акция ва лойиҳалари ўтказилади.
Шунингдек дастурда жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жойларда ўтказиладиган ўрганишлар натижалари асосида жамоат эшитувлари ташкил этиш, депутатлик сўровлари юбориш, қонунчилик ташаббусларини илгари суриш орқали тизимли муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Тақдимот якунида “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурига расмий старт берилди. Ҳудудлар кесимида аниқ вазифалар белгилаб олинди, масъуллар бириктирилди ва ижро механизмлари тасдиқланди. Шунингдек, дастурни самарали амалга оширишга қаратилган йўл харитаси тасдиқланди.
Мазкур дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида аҳоли билан доимий ва самарали мулоқот тизими шаклланади, жойлардаги муаммолар тезкор аниқланиб, манзилли ҳал этилади, тадбиркорлар ва жамият ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади.
“Халқ билан бирга” умуммиллий дастури — бу фақатгина ижтимоий лойиҳа эмас, балки халқ дардини эшитиш, муаммоларни жойида ҳал қилиш ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли умуммиллий ҳаракатдир. Мазкур ташаббус партиянинг халқ билан бирга ишлаш тамойилини амалда янада мустаҳкамлаб, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.