O'zLiDeP ва Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси депутати, “Адолат ва тараққиёт” (AK Parti) партияси Бош раисининг ўринбосари Куршод Зорлу бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари кейинги йилларда янги босқичга кўтарилгани, давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва яқин мулоқотлар барча соҳалардаги ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва парламентлараро алоқалар кенгайиб бораётгани қайд этилди. Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги самарали ҳамкорлик қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Томонлар партиялараро муносабатларни янада ривожлантириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Хусусан, ЎзЛиДеП ва “Адолат ва тараққиёт” (AK Parti) партияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми изчил амалга оширилаётгани, унинг доирасида партия қурилиши, парламент фракциялари, ёшлар ва аёллар қанотлари, таҳлилий марказлар ҳамда ҳудудий тузилмалар ўртасида тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида икки партия ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, амалий лойиҳаларни кўпайтириш ҳамда туркий давлатлар сиёсий партиялари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича фикрлар билдирилди.
Учрашув конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.