Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 15-октябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Янги Тошкентда қулай бизнес муҳити ва замонавий хизматлар ривожи

15.10.2026
66

Президентимиз Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида янги Тошкент фақат янги уй-жой қуриладиган ҳудуд эмас, бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатишни ўзига жалб этадиган мустақил иқтисодий марказга айланиши лозимлигини таъкидлаган эди.

Мулоқотда шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли учун қулайликлар яратиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилганди. Жумладан, тадбиркорлар томонидан тирбандликни камайтириш ва мижозларга қулайлик яратиш мақсадида валет-паркинг хизматларини ривожлантириш таклифи билдирилган эди.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан валет-паркинг хизматини ҳуқуқий тартибга солиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда фракция аъзолари, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, суғурта компаниялари, Туризмни ривожлантириш ассоциацияси, Парламент тадқиқотлари институти вакиллари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда валет-паркинг хизмати аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайлик яратиб келмоқда. Айни пайтда транспорт воситаларининг қабул қилиниши, сақланиши ва эгасига қайтарилиши жараёнларида аниқ ҳуқуқий қоидаларни белгилаш зарурати мавжуд. Шу боис хизмат кўрсатувчи операторлар, уларнинг ходимлари ва транспорт воситаси эгалари ўртасидаги муносабатларни қонунчилик асосида тартибга солиш муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбатида “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунга валет-паркинг хизмати, унинг оператори ва ходими, транспорт воситасини қабул қилиш ҳамда қайтариш жойларига оид асосий тушунчаларни киритиш, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги, пиёдаларнинг эркин ҳаракатланиши, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларига риоя этиш, транспорт воситаларини тегишли тоифадаги ҳайдовчилик ҳуқуқига эга ходимлар бошқариши ҳамда хизмат кўрсатиш жойларини қонуний асосда ташкил этиш бўйича талабларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, валет-паркинг хизмати тақиқланган жойларда тўхташга, йўл ва тротуарларни ўзбошимчалик билан эгаллашга асос бўлмаслиги зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда Фуқаролик кодексига ўзгартиришлар киритиш, хусусан валет-паркинг хизмати кўрсатиш шартномасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, транспорт воситасини қабул қилишни тасдиқлаш, автомобиль ҳолати ва мавжуд шикастланишларни қайд этиш, транспорт воситасининг сақланиши учун оператор жавобгарлигини белгилаш ҳамда етказилган зарарни қоплаш тартибини аниқ ифодалаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, валет-паркинг хизматлари бозорида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, хизмат сифати ва хавфсизлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар учун аниқ ҳуқуқий талабларни белгилаш орқали соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, асоссиз низолар ва яширин тўловларнинг олдини олиш, суғурта муносабатларидаги масъулиятни аниқлаштириш долзарб ҳисобланади.

Муҳокамалар давомида соҳа вакиллари, суғурта компаниялари мутахассислари ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари, амалий тажрибаси ҳамда таклифлари тингланди. Савол-жавоблар жараёнида хизмат кўрсатишда юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш, тадбиркорлик субъектлари учун тушунарли ҳамда адолатли қоидаларни жорий этиш, транспорт воситасига етказилган зарар учун жавобгарликни аниқ белгилаш, суғурта механизмларини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Тадбир якунида билдирилган таклиф ва тавсияларни чуқур ўрганиш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнида инобатга олиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?