Вобкентдаги 14 та таълим ва боғча, 18 та тиббиёт муассасаси тоза ичимлик суви билан қачон таъминланади?
Халқ депутатлари Вобкент туман Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 августдаги “Осиё инфратузилма инвестициялари банки иштирокида «Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган “Аҳолини ичимлик ва оқова сув билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича “Бухоро сув таъминоти” АЖ Вобкент тумани филиали томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, туманда бугунги кунда 44 та маҳалланинг 19 таси тўлиқ, 18 та маҳалланинг 60 фоизидан кўпроқ аҳолиси марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланган. Аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган талабини тўла қондириш мақсадида туман ҳудудларидаги аҳоли гавжум жойларда 13 та тоза филтр будкалари ўрнатилган.
Йиғилишда тумандаги ижтимоий соҳа объектларининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси ҳам танқидий кўриб чиқилди.
Ўрганишлар давомида депутатлар томонидан тумандаги 7 та умумтаълим мактаби, 7 та мактабгача таълим муассасаси 18 та тиббиёт муассасасига ҳанузгача махсус транспорт воситаларида ичимлик суви етказиб берилади.
Йиғилишда депутатлар аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.