“Халқ билан бирга” дастури доирасида жамоатчилик билан рақамли мулоқот йўлга қўйилади
Бухоро Давлат университетида О‘zLiDeP нинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурининг тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда дастурнинг мазмун-моҳияти ва устувор йўналишлари атрофлича ёритилди. Таъкидланганидек, мазкур ташаббус аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш, ижтимоий муаммоларни жойида аниқлаш ва уларга манзилли ечим топишга қаратилган муҳим амалий қадамдир.
Тадбирда дастур доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар, жумладан, “Юракка йўл” акцияси, мобиль штаблар фаолияти ва сайёр қабуллар орқали аҳоли мурожаатларини тинглаш, ёшлар ва хотин-қизларни фаол жараёнларга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, рақамли технологиялар орқали жамоатчилик билан доимий алоқа ўрнатиш ва очиқ мулоқот майдонларини кенгайтириш режалари белгиланди.
Тақдимот якунида ушбу дастур нафақат ижтимоий ёрдам кўрсатиш, балки жамиятда ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. “Халқ билан бирга” ташаббуси партиянинг халқчиллик тамойилини амалда намоён этиб, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.