“Халқ билан бирга” дастури ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда
Ёшларнинг инновацион ғоялари ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини амалиётга жорий этишга мақсадида Урганч шаҳрида жойлашган IT Park биносида “Халқ билан бирга” дастури доирасида яна бир учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Шайдо Бектурдиева томонидан тақдим этилган “Visual Learn” лойиҳаси таълим соҳасига инновацион ёндашув сифатида иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу платформа орқали ўқувчилар биология фанини ўрганишда инсон аъзоларини 3D форматда кўриб, уларнинг фаолиятини амалда тушуниш имконига эга бўлишади. Шунингдек, тарих фанидан ҳам ёдгорликлар ва топилмаларни виртуал тарзда “жонли” кўриш имконияти яратилади.
Яна бир ёш иштирокчи Наргиза Хусанбаева томонидан илгари сурилган “Med Finder” лойиҳаси ҳам амалий аҳамияти билан ажралиб турди. Мазкур платформа орқали фуқаролар, айниқса, чекка ҳудудларда яшовчилар, ўзларига керакли дори воситасини қайси дорихонада борлигини тез ва осон аниқлашлари мумкин. Бу эса вақтни тежаш, оворагарчиликларни камайтириш ва аҳолига қулайлик яратишга хизмат қилади.
Бундай аниқ ва ҳаётий мисоллар “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳасининг самарадорлигини яққол кўрсатди. Ёшлар нафақат ғоя таклиф қилмоқда, балки уни амалиётга жорий этиш, бозор талабига мослаштириш ва жамият муаммоларига ечим топишга интилаётганини намоён этмоқда. Бу эса “Халқ билан бирга” дастури доирасида ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлаётганини кўрсатади.