Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Халқ саломатлиги — энг устувор вазифа

20.02.2026
447

Давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган 2026 йилги Давлат дастури мамлакат тараққиётининг барча соҳаларини қамраб олган, энг аввало, инсон саломатлиги ва фаровонлигини устувор мақсад сифатида белгилаган стратегик ҳужжатдир. Унда “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил нафақат шиор, балки амалий ҳаракат дастури сифатида намоён бўлмоқда. Айниқса, тиббиёт соҳасида кўзда тутилган кенг қамровли ислоҳотлар халқимиз ҳаёти сифатидаги реал ўзгаришларни таъминлашга хизмат қилади.

Соғлом авлодни тарбиялаш — ҳар қандай давлатнинг энг муҳим стратегик вазифасидир. Давлат дастурида оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган 10 миллион нафар болани онкогематологик касалликларни барвақт аниқлаш бўйича оммавий скринингдан ўтказиш режаси — бу шунчаки тиббий тадбир эмас, балки миллат генофондини асрашга қаратилган улкан қадамдир.

Шунингдек, янги туғилган чақалоқлар учун аудиоскрининг қамровининг кенгайтирилиши, ҳомиладор ва эмизувчи аёлларни йод препаратлари билан таъминлаш, репродуктив ёшдаги хотин-қизларга темир ва фолий кислотаси тарқатилиши — буларнинг барчаси соғлом авлод занжирини шакллантиришга хизмат қилади. Эрта профилактика келажакда оғир касалликларнинг олдини олиш, ногиронликни камайтириш ва аҳоли умр давомийлигини оширишга замин яратади.

Онкологик касалликлар бугун дунё миқёсида долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис Давлат дастурида мазкур йўналиш устувор вазифалар қаторига киритилган. Йилига юз минглаб аёлларни қамраб оладиган бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скрининглари — бу минглаб ҳаётларни сақлаб қолиш имконини берадиган тизимли чоралардир.

Айниқса, “тезкор йўлак” (fast-track) механизмининг жорий этилиши тиббиётда сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб бермоқда. Энди саратон ташхиси қўйилган беморлар ортиқча қоғозбозлик ва навбатлар туфайли вақт йўқотмайди. Ташхис қўйилган заҳотиёқ даволаш жараёни бошланади. Бу эса энг қиммат неъмат — инсон ҳаётини асрашга хизмат қилади.

2026 йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани тиббиёт тизимига ҳам янги ёндашувларни олиб кирмоқда. Энди тиббий хизматлар фақат шифохона деворлари ичида эмас, балки аҳоли яшайдиган муҳитнинг ўзида — маҳаллаларда кўрсатилади.

Бирламчи тиббий-санитария хизмати кучайтирилиб, патронаж тизими такомиллаштирилмоқда. Шифокорлар ва ҳамширалар аҳолининг саломатлик ҳолатини уйма-уй ўрганиб, касалликларни эрта босқичда аниқлашга қаратилган профилактик ишлар олиб боради. Микронутриент кукунлари, профилактик дори воситаларининг бепул тарқатилиши эса кам таъминланган оилалар учун муҳим ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.

Бу орқали аҳолининг дориларга сарфлайдиган харажатлари камайиб, турмуш даражаси ошади. Энг муҳими, тиббиёт аҳолига янада яқинлашади.

Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш давлат дастурининг муҳим йўналишларидан биридир. Электрон тиббий карталар, онлайн навбат тизими, масофавий консультациялар жорий этилиши фуқаролар учун вақт ва маблағни тежайди. Шу билан бирга, тиббий хизматлар сифати устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш имконини беради.

Рақамли технологиялар коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва тиббий муассасалар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Биз, депутатлар Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли ижросини таъминлашни ўз олдимизга устувор мақсад қилиб қўйганмиз. Ҳар бир ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, ажратилаётган маблағларнинг манзилли сарфланиши, аҳоли розилиги — доимий парламент назоратида бўлади. Зеро, Давлат дастурининг ҳақиқий самараси ҳисоботларда эмас, балки одамлар ҳаётида намоён бўлиши керак. Агар ҳар бир оила тиббий хизматлардан рози бўлса, ҳар бир она фарзанди соғлом ўсиб-улғайганини кўрса — демак, мақсадимизга эришган бўламиз.

2026 йилги Давлат дастури соғлиқни сақлаш тизимида туб бурилиш ясайдиган, инсон саломатлигини давлат сиёсати даражасига кўтарган тарихий ҳужжатдир. Унинг марказида — инсон, унинг ҳаёти ва бахтли келажаги туради.

 

Севара УБАЙДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Сайтни янги дизайни ёқдими?