Халқимизнинг энергияни тежаб ишлатишга бўлган рағбати иқтисодий барқарорлигимиз томон қўйилган навбатдаги қадамдир
Аҳолимиз ижтимоий норма жорий этилганидан сўнг электр энергиясини тежаб ишлатишни бошлаган. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўтказган тадқиқотда республикамизнинг барча ҳудудларидан 3,5 мингта уй хўжаликлари иштирок этди. Шунингдек, 3,5 миллион табиий газ ва 8 миллион электр энергияси абонентларининг истеъмол маълумотлари таҳлил қилинган.
Таҳлил натижаларига кўра, 2024 йил май-декабрь ойларида электр энергияси истеъмоли 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 млрд кВт/соатга (-10,6 фоиз) қисқарган. Электр энергия истеъмолида энг сезиларли пасайиш дастлабки истеъмоли нисбатан юқори бўлган ҳудудларда, масалан, Самарқанд, Тошкент, Андижон ва Наманган вилоятларида кузатилган.
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида ҳам бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров энергетик тарифларнинг оширилиши аҳолини тежамкорликка ундаётгани ҳақида гапирди. Шунингдек, вазир тарифлар паст миқдорда ошганига қарамай, ижтимоий ёрдам кўзда тутилаётгани, даромади 1 млн сўмдан кам бўлган оилалар, 200 kWh'дан ташқари 150 kWh электр энергияси истеъмол қилса, 150 kWh учун тўлов компенсация қилиб берилишини таъкидлади. Бу электр тарифлар кўтарилиши камбағал оилаларга таъсир қилмаслигини англатади.
Истеъмолда ҳам иқтисодиёт тармоқларида ҳам энергиядан тежамкорлик билан фойдаланишни жорий этиш ЎзЛиДеП сайловолди дастурида ўз аксини топган. Партиямиз энергия тажамкорлиги ва “Яшил энергия” манбаларини қўллаб-қувватлашни мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг бош омили деб билади. Халқимизнинг энергияни тежаб ишлатишга бўлган рағбати иқтисодий барқарорлигимиз томон қўйилган навбатдаги қадамдир.