Хонқада шахмат бўйича мусобақа ташкил этилди
O‘zLiDePнинг "Халқ билан бирга" умуммиллий дастури доирасида бошланғич партия ташкилотлари аъзолари иштирокида шахмат бўйича “O‘zLiDeP кубоги” ташкил этилди.
Мазкур мусобақалар Хоразм вилоятида фаолият юритаётган 1 292 та бошланғич партия ташкилотини қамраб олиб, улардаги 185 мингдан зиёд партия аъзоларининг спорт тадбирларида фаол иштирок этиши, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жамоавий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Навбатдаги беллашувлар Хонқа туманида ташкил этилди. Унда тумандаги барча бошланғич партия ташкилотлари иштирок этди. Интеллектуал спорт тури бўлган шахмат бўйича кечган баҳсларда иштирокчилар ўзларининг мантиқий фикрлаши, зукколиги ва стратегик ёндашувларини намоён этдилар.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, “Маданий-ер” маҳалласидаги бошланғич партия ташкилоти жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. “Илғор” маҳалласидаги БПТ жамоаси иккинчи, “Дўрман” маҳалласидаги бошланғич партия ташкилоти аъзолари эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирокчилар партия томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.