Хоразмда жорий йил охиригача чорвачилик тармоқларини ривожлантириш учун 66 та инвестициявий лойиҳа ишга туширилади
Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси томонидан соҳада олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, чорва ҳайвонлари соғлиғини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ёзги мавсумда чорва ҳайвонлари куйдирги, қутуриш, қорасон ва бошқа касалликларга қарши эмланди.
Вилоятда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш ва соҳани модернизация қилиш мақсадида 2025 йилда қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган. Жумладан, жами 367,6 млрд сўмлик 66 та инвестициявий лойиҳалар ишга туширилиб, натижада 765 нафар фуқаронинг иш билан таъминланиши кўзда тутилган. Бу эса вилоят иқтисодиётида чорвачиликнинг улушини сезиларли даражада ошириши билан бирга, аҳолининг турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Эшитув жараёнида депутатлар томонидан халқ мурожаатлари юзасидан танқидий мулоҳазалар ҳам билдирилди. O‘zLiDeP депутатлари томонидан чорвачилик соҳасидаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида қатор таклиф-тавсиялар билдирилди.