Хоразмлик депутатлар чиқиндиларни бошқариш соҳасига рақамли ва “ақлли” тизимларни жорий этишни таклиф қилишди
Хоразм вилояти Кенгашида O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи иштирокида ўтказилган жамоатчилик эшитувида чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги ишлар ва мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда вилоятнинг 13 та туман ва шаҳрига 3 та санитар тозалаш корхонаси томонидан хизмат кўрсатилди. Давлат-хусусий шериклик асосида тизим шакллантирилди Шу билан бирга, 61 та махсус техника, 12 та мотороллер ва 170 та контейнер етказиб берилгани соҳадаги имкониятларни кенгайтирди.
Шу билан бирга, аҳолини қийнаётган муаммолар ҳам очиқ муҳокама қилинди. Хусусан, чекка маҳаллаларда чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқилмаслиги, контейнерлар етишмаслиги ва санитар ҳолатнинг қониқарсизлиги фуқаролар норозилигига сабаб бўлаётгани таъкидланди. Айрим ҳудудларда махсус техникалар етишмаслиги ва хизмат қамровининг пастлиги муаммоларни янада кучайтирмоқда.
Депутатлар соҳада эришилган ижобий натижалар билан бирга мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдилар. Хусусан, хизмат сифатини ошириш, контейнерлар ва махсус техникалар сонини кўпайтириш, шунингдек барча ҳудудларда замонавий рақамли ва “ақлли” тизимларни жорий этиш орқали аҳоли учун қулай ва самарали хизмат кўрсатишни таъминлаш зарурлиги қайд этилди.