Хоразмликлар ҳам ЎзЛиДеП ва унинг номзодларини қўллаб-қувватламоқдалар!
Хоразм вилояти Хива шаҳридаги Хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми биноси мажлислар залида 60-Хоразм сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Руслан Сабировнинг сайловчилар билан учрашуви ўтказилди.
Учрашувда депутатликка номзод партиянинг сайловолди дастурида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенглик масалалари бундан буён ҳам асосий вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.
Шунингдек, жамиятда аёллар тадбиркорлигини фаоллаштиришга қаратилган сиёсатни изчил давом эттирган ҳолда аёлларнинг масофавий меҳнат ва рақамли тадбиркорлик бўйича кўникмаларини оширишга жиддий эътибор қаратиш, шу орқали аёллар орасидаги ишсизлик даражаси 2 марта камайтириш таклифини илгари сурди.
Партия сайловолди дастурида 2030 йилгача битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш кўлами 50 фоизга етказилиши учун барча чораларни кўришини таъкидлаб ўтди. Жаҳондаги “Топ-500”даги хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма ўқув дастури ва “икки дипломли тизим”ни жорий этиш каби вазифалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
- Партиянинг сайловолди дастурида келгуси йилларда олийгоҳлар учун қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ва 150 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш борасидаги вазифалар биз сайловчиларни жуда маъқул келмоқда. Биз бўлажак сайловларда муносиб номзодларга овоз берамиз, - дейди учрашув иштирокчиси Нодира Кўпалбоева.
Учрашувда сайловчилар, хусусан, ёшлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ўз фикр ҳамда таклифларини билдирдилар.