Шанба 03-Май 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Хусусий сектор соҳасида иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари такомиллаштирилмоқда

29.04.2025
100

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш тартибларини соддалаштириш, меҳнат кодексига хусусий сектор учун белгиланган ижтимоий мажбуриятларни эркинлаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди.

Дастлаб Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга ташрифи ва унинг доирасида эришилган келушувларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Фракция раҳбари Актам Хаитов мазкур ташрифнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, дўстлик, ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган кўп қиррали Ўзбекистон — Туркманистон муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этгани, яқин йилларда товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилингани, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ўзаро манфаатли кооперация ривожланаётгани урғуланди.

Депутатлар ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этиб, ташриф якунларидан келиб чиқиб ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда мамлакатимиз ҳаётига дахлдор бўлган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ташаббуси билан ишлаб чиқилган — “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига хусусий сектор учун белгиланган ижтимоий мажбуриятларни эркинлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси хусусий секторда иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни янада такомиллаштириш орқали тадбиркорлик ва миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва иқтисодиётда норасмий бандлик улушини қисқартиришга, ЎзЛиДеП сайловолди дастурий вазифаларининг ижросини таъминлашга қаратилган.

Лойиҳа билан меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилишда аризани чақириб олиш жараёнида иш берувчининг иштирокини таъминлаш орқали ходимнинг масъулиятини ошириш белгиланмоқда.

Шунингдек, меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра, бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитаси ёки маҳаллий меҳнат органи билан келишиш жараёнларини соддалаштириш орқали хабардор қилиш тартибига ўтказиш назарда тутиляпти.

Ходимнинг узоқ муддат меҳнатга қобилиятсиз бўлиши натижасида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари такомиллаштирилиши ҳамда тадбиркорлик субъектларида ўриндошлик асосида фаолият юритаётган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ёзма шаклда огоҳлантириш ва компенсация тўловларини тўлашни бекор қилиш таклиф қилинмоқда.

Мунозаралар давомида фракция аъзолари Дилмурод Артиқов, Тўйчи Ёқубов, Дурбек Ахмедовлар қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормаларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ҳужжат юзасидан ўз фикр-мулоҳалари, таклифларини билдирди.

Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хусусий сектор соҳасида иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга, норасмий бандлик улушини қисқартиришга ва томонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Қизғин баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?