Хусусий сектор — таълимда сифат, иқтисодда барқарорлик, ёшларда ишонч демакдир!
20 август — Тадбиркорлар куни муносабати билан Президентимиз бизнесс вакиллари билан очиқ мулоқот қилдилар, бундай тарихий мулоқотлар Давлатимизда хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар ортга қайтмас эканлигини яққол кўрсатмоқда.
Ушбу анъана ишбилармонлар манфаатларини ифода этувчи қарорларни улар билан бамаслаҳат, ҳамкорликда қабул қилиш имконини бермоқда.
Биргина таълим соҳасида хусусий сектор учун очиб берилган кенг имкониятлар эътиборга лойиқ. Сўнгги саккиз йилда хусусий боғчалар сони 31 мингга, хусусий мактаблар сони эса 645 тага етди. Давлат имконият бермоқда, имтиёзлар жорий қилмоқда, шу сабабли тадбиркорларимиз хусусий таълим ташкилотлари ташкил этишда жуда фаол бўлмоқдалар.
Бугунги учрашувда ҳам бу йўналишда қатор янги вазифалар белгиланди. Масалан, эндиликда боғча қамрови 70–80 фоиздан паст бўлган 80 та туманда тадбиркорларга катта имкониятлар яратилади. Хусусан уларга ер 30 йил муддатга бепул ижарага берилади, бола бошига харажатнинг ярмини субсидиялаш тартиби жорий этилади, уларга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади. Эътиборлиси 1 фоизли ижтимоий солиқ, тарбиячиларнинг маошини давлат томонидан уч йил давомида тўлаб бериш амалиёти — хусусий таълимдаги инқилобий ечимлар сирасига киради, десак муболаға бўлмайди.
Айтиш мумкинки, таълимда хусусий секторнинг кенгайиши фақатгина муваффақиятли бизнес учун эмас, балки сифатли таълимни таъминлаш, рақобат муҳитини мустаҳкамлаш, янги иш ўринларини яратиш, ҳудудий ривожланишда ҳам катта аҳамият касб этади.
Яна бир муҳим жиҳат, “Ёш тадбиркорлар” чемпионатини ўтказиш, 1 мингта стартап ғоясини тижоратлаштириш, шундан 200 тасини халқаро бозорга олиб чиқиш, энг яхши 100 ғоя учун 1 миллиард сўмгача сармоя киритиш каби улкан вазифалар — ёш авлодни тадбиркорлик руҳида тарбиялаш ва уларга ишонч бағишлашнинг муҳим пойдевори бўлади.
Бундан ташқари, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, финтех ва стартапларга йўл очиш, “очиқ банкинг” экотизимини жорий этиш орқали келгуси йилларда стартапларга инвестиция ҳажмини 10 баробар ошириш мақсад қилинган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ёшлар стартап ташаббусларининг қўллаб-қувватланаётгани ёшлар бизнесини ривожлантириш билан бирга, уларнинг таълими ва салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек:“Эътибор беринг, етти ойнинг ўзида стартапларга рекорд миқдорда — 264 миллион доллар хорижий инвестиция келди. Бу 2024 йил давомида кирган сармоялардан 4 баробар кўп. Шу боис стартапларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жонлантирамиз”.
Ушбу рақамлар ва ёндашувлар давлатимизнинг инновацион иқтисодиёт сари қатъий қадамлари натижасидир. Қувонарлиси юртимиз ёшларининг билим ва ғоялари халқаро миқёсда қизиқиш уйғотмоқда.
Энг муҳим жиҳат эса, Давлат раҳбари илгари сурган янги ташаббуслар бугуннинг ўзида амалий кучга кирди — тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир барча вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида махсус Фармон эълон қилинди.
Бундай ташаббуслар ЎзЛиДеП мақсад ва ғояларига тўла мосдир. Чунки партиямизнинг асосий электорати — маҳаллий ва хусусий ташаббусларнинг ташаббускорлари бўлган тадбиркорлар. Биз уларнинг манфаатларини ифода этиб, бизнес муҳитини яхшилаш, хусусан, таълим соҳасида ҳам уларни фаол иштирокчига айлантиришни устувор вазифа деб биламиз.
Тадбиркорликни ривожлантириш юртимиз тақдири учун масъулиятли ва стратегик ишдир. Бундай эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлаш эса Парламент зиммасидаги муҳим вазифадир.
Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати