Янги бино, янги имкониятлар, янги аъзолар
Тошкент вилоятида тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, партия фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этиш йўлида муҳим қадам ташланди. Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгашининг янги, замонавий биноси фойдаланишга топширилди.
Бугун партиянинг вилоятдаги 22 та туман ва шаҳрининг барчасида Кенгашлари фаолият юритмоқда. 1218 та бошланғич партия ташкилотида 190 мингдан зиёд аъзо бирлашган. Айниқса, йирик саноат корхоналарида партия сафининг кенглиги эътиборга молик. Хусусан, “Olmaliq kon-metallurgiya kombinati” АЖда 25 мингдан зиёд, “Ўзметкомбинат” АЖда 9 мингдан ортиқ, “Максам Чирчиқ” АЖда эса 3 мингдан зиёд партия аъзоси меҳнат қилмоқда.
Тадбир доирасида Ўрта Чирчиқ туманидаги 13 йилдан буён фаолият юритаётган “JANNATMAKON MEBEL” корхонасига ташриф буюрилиб, ишлаб чиқариш жараёнлари ва ёшларни касбга тайёрлашга қаратилган дуал таълим тизими билан танишилди. Корхона жамоаси билан мулоқотда партиянинг мақсад ва вазифалари ҳақида фикр алмашилди. Натижада корхона раҳбари ва 30 нафардан зиёд ишчи-ходим партия аъзолигига қабул қилиниб, корхонада бошланғич партия ташкилоти тузилди.
Янги, замонавий бино партиянинг Тошкент вилоятидаги фаолиятини янада самарали ташкил этиш, тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан ҳамкорликни кучайтириш учун янги имкониятлар яратади. Шу билан бирга, меҳнат жамоаларида партия сафларининг кенгайиб бораётгани ва янги бошланғич партия ташкилоти тузилгани ҳам бу ишларнинг амалий натижасидир.