Қорақалпоғистонда иқтисодиётни ривожлантириш орқали фаровонликка эришамиз
Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилди. Ушбу қарор Янги Ўзбекистонда инсон қадри, адолат ва фаровонликни таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Мурожаатномада маҳалла нафақат яшаш жойи, балки ижтимоий барқарорлик, жамоатчилик бирдамлиги ва иқтисодий тараққиётнинг муҳим устуни экани алоҳида таъкидланди. Шу боис давлат билан халқ ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашда маҳалланинг ўрни янада оширилмоқда. “Еттилик” тизими жорий қилиниб, 100 дан ортиқ хизматлар маҳалла даражасига туширилди.
Ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқарилди, ишсизлик даражаси кескин қисқарди. Илгари орзудек туюлган иқтисодий марралар бугун реал натижага айланиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошди, экспорт эса 23 фоизга ўсиб, 33,4 миллиард долларга етди.
Бу ютуқлар Қорақалпоғистон Республикасида ҳам аҳоли даромадларини ошириш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳудудда маҳаллий хомашёни қайта ишлаш, янги диш ўринлари яратиш, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этишга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Айниқса, маҳалла даражасида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, техникумларда замонавий таълим муҳитини яратиш орқали Қорақалпоғистон аҳолисининг барқарор даромад манбалари кенгаймоқда. Бу эса ҳудудий иқтисодий ўсишни таъминлаш билан бирга, жамиятда ижтимоий адолат ва фаровонликни мустаҳкамламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар Қорақалпоғистонда ҳам изчил амалга оширилиб, маҳалла – иқтисодий ривожланиш, тадбиркорлик ва аҳоли фаровонлигининг таянчига айланмоқда.