Япония матбуоти: Ўзбекистон минтақавий интеграция ва рақамли тараққиётда ҳал қилувчи куч
Япониянинг нуфузли "The Japan Times" нашрида давлатимиз раҳбарининг Японияга расмий ташрифига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди. Унда Ўзбекистон – Япония муносабатлари кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, бу жараённинг минтақавий ва глобал аҳамияти атрофлича ёритилган. Бундай халқаро эътибор мамлакатимиз ташқи сиёсатининг тўғри йўналишда эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Мақолада алоҳида таъкидланишича, Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистон кенг кўламли ва дадил ислоҳотлар йўлини танлади. Илгари ёпиқ бўлган тизимлар очилди, изоляция сиёсатига чек қўйилди, мамлакат халқаро ҳамжамият билан очиқ ва конструктив мулоқотга тайёр эканини амалда намоён қилди. Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги чуқур ўзгаришлар Ўзбекистонни жаҳон майдонида фаол ва масъулиятли иштирокчи сифатида мустаҳкам позицияга олиб чиқди.
Нашрда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий мулоқот, парламент дипломатияси, иқтисодиёт, инвестиция, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар соҳаларда тизимли равишда ривожланиб бораётгани кенг ёритилган. Япония сармояси иштирокидаги қўшма корхоналар, инфратузилма ва тиббиёт лойиҳалари, таълим дастурлари ҳамда кадрлар тайёрлаш ташаббуслари икки давлат муносабатларининг мустаҳкам иқтисодий ва инсонпарвар пойдеворга эга эканини кўрсатади.
Айниқса, мақолада Ўзбекистоннинг “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти доирасидаги етакчи ўрнига алоҳида урғу берилган. Минтақадаги энг йирик аҳолига эга, муҳим транспорт ва логистика чорраҳасида жойлашган давлат сифатида Ўзбекистон минтақавий интеграция, инфратузилмани модернизация қилиш ва рақамли тараққиётни илгари суришда ҳал қилувчи роль ўйнаётгани қайд этилган. Бу Япония учун ҳам бутун Марказий Осиё билан ҳамкорликни чуқурлаштиришда ишончли платформа ҳисобланади.
Умуман, бундай нуфузли халқаро нашрда чоп этилган мақола Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлар ва очиқ ташқи сиёсатнинг халқаро майдонда кенг эътироф этилаётганини яққол кўрсатади. Бу эса Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлининг тўғри танланганини, мамлакатимиз учун янги имкониятлар ва стратегик шерикликлар даври бошланганини англатади.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари