“Ёш тадбиркорлар” чемпионати ташкил этилади
Президентимиз тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда мамлакатимизда стартаплар соҳасини қўллаб-қувватлаш, инновацияларни тижоратлаштириш ва ёшлар ғояларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Саккиз йил аввал бармоқ билан санарли бўлган стартаплар сони бугунги кунда 600 дан ошиб кетгани юртимизда инновацион муҳитнинг жадал ривожланаётганидан далолатдир.
Жорий йилда ёшлар яратган мингта стартап ғояси тижоратлаштирилиб, уларнинг 200 таси халқаро бозорга чиқарилиши белгиланган. Шу мақсадда 100 миллион доллар маблағ йўналтирилиб, 100 та маҳаллий стартап халқаро миқёсда жозибадор бизнесга айлантирилади.
Шу йилдан “Ёш тадбиркорлар” чемпионати ташкил этилиб, энг яхши 100 ғоя танлаб олинади ва ҳар бирига 1 миллиард сўмгача инвестиция киритилади. Шунингдек, ғолиблар учун молиявий ва маркетинг хизматлари харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.
Бундан ташқари, финтех-стартапларни ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилиб, “очиқ банкинг” тизими жорий этилади. Бу эса рақамли молиявий хизматларни кенгайтириш билан бирга, яқин йилларда стартапларга киритиладиган инвестицияларни 10 баробарга ошириш имконини беради.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуслари ЎзЛиДеП сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлар билан ҳамоҳанг бўлиб, партия инновацион ғоялар, стартап ва финтех лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни мамлакат тараққиётининг муҳим омили сифатида белгилаб олган.