Ёшлар — бугунги қарорлар ва эртанги тараққиёт иштирокчилари
Самарқандда дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёш парламентарийларнинг бир майдонда жам бўлаётгани оддий халқаро тадбир эмас. Бу — ёшларнинг фикри, ташаббуси ва позицияси глобал сиёсатда тобора муҳим ўрин эгаллаётганининг яққол белгисидир. Бугунги ёшлар дунёдаги жараёнларни четдан кузатиб турувчи эмас, балки ўз ташаббуси, билими ва қатъий позицияси билан келажакни шакллантирувчи авлоддир.
Бугун урушлар, иқлим ўзгариши, иқтисодий тенгсизлик, рақамли хавфсизлик, таълим ва бандлик каби масалалар ёшларнинг ҳаётига бевосита таъсир қилмоқда. Президентимиз конференция иштирокчиларига йўллаган табригида дунё бўйлаб 500 миллиондан зиёд болалар ва ёшлар қуролли можаролар ҳудудида яшаётганини қайд этди. Бу рақам тинчлик, хавфсизлик ва ёшларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масаласига янада жиддий ёндашиш зарурлигини кўрсатади.
Ўзбекистонда ёшлар билан мулоқотнинг янги формати шаклланмоқда. Ёшлар бугун тайёр қарорларни эшитадиган аудитория эмас, балки муаммоларни муҳокама қиладиган, таклиф ва ташаббусларини илгари сурадиган фаол кучдир. Ёшлар парламентлари эса қонун ижодкорлиги, парламент назорати, фикрни асослаш ва жамоатчилик билан мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантирадиган муҳим амалий мактаб вазифасини бажармоқда.
О‘zLiDeP учун ҳам ташаббускор, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган ёшларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан биридир. Ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, замонавий касбларни эгаллаши, муносиб бандлигини таъминлаш ва иқтисодий фаоллигини ошириш мамлакатимизнинг узоқ муддатли рақобатбардошлиги билан бевосита боғлиқ. 2024 йилги сайловларда 200 га яқин ёшнинг вакиллик органларига сайлангани ҳам ёшларга бўлган ишонч ва имкониятлар кенгайиб бораётганидан далолатдир.
Самарқанд конференциясидан кутаётган энг муҳим натижам — турли мамлакатлар ёш парламентарийлари ўртасидаги ҳамкорлик тадбир билан чекланиб қолмаслиги. Қонунчилик ташаббуслари, ёшлар тадбиркорлиги, замонавий бандлик, инсон ҳуқуқлари ва демократик ислоҳотлар бўйича доимий мулоқот ва ҳамкорлик тармоғини шакллантириш муҳим. Чунки бугунги муаммолар чегара билмайди, уларнинг ечимларини ҳам ҳамкорликда излашимиз керак. Ёшлар нафақат келажак ҳақида гапирадиган, балки бугун қарор қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этадиган куч бўлиши лозим.
Отабек Собитов,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси