Ёшларга эътибор ва ғамхўрлик — Термизда ўтган давра суҳбатининг бош мавзусига айланди
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши Термиз шаҳар 2-сон техникумида “Янги Ўзбекистон ёшлари: имконият, ислоҳот ва натижа” шиори остида давра суҳбати ташкил этди. “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилган тадбирда сенатор Дилбар Сувонова, партия вилоят кенгаши раиси Алишер Рўзиев ва бошқалар иштирок этиб, мамлакатимиз ёшларига яратилаётган имкониятлар аҳамияти ҳақида сўз юритишди.
Тадбирда O'zLiDePнинг “Халқ билан бирга” дастури мазмун-моҳияти, аҳоли билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, жойлардаги муаммоларни тезкор ҳал этиш, тадбиркорлар ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, ёшларга қаратилаётган эътибор, айниқса, таълим соҳасидаги янгиликлар ва имтиёзлар йигит-қизларимизнинг келажакда ўз ўрнини топишига мустаҳкам замин яратаётгани таъкидланди.
Хусусан, техникум битирувчилари учун олий таълимга киришдаги енгилликлар, дуал таълим тизимининг жорий этилиши, грантлар ва имтиёзли кредитлар орқали ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ишлари юқори баҳоланди. Бу имкониятлар ёшларнинг билим ва амалий кўникмаларини уйғунлаштириб, уларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Шунингдек, дастур доирасида ижтимоий ҳимоя тадбирлари, касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор амалий ишлар режалаштирилгани қайд этилди. Тадбир якунида ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар тингланиб, уларни қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар сиёсати самарадорлигини янада ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.