Asosiy kontentga o‘tish
Шанба 04-апрел 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ёшлар келажаги учун янги муҳим ташаббуслар ва катта имкониятлар

24.02.2026
403

“Кўксарой” қароргоҳида Президентимиз ёшлар билан мулоқотда бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва замонавий касб-ҳунарга ўқитиш бўйича қатор янги ташаббусларни илгари сурди. Ҳар йили 600 минг ёш меҳнат бозорига кириб келаётгани, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллионга етиши таъкидланиб, ёшларга муносиб иш ва даромад манбаи яратиш устувор вазифа экани қайд этилди.

Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши, кредит миқдорлари сезиларли оширилиши, 10 миллиард сўмгача молиялаштириш имконияти яратилиши, инновацион стартаплар учун 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилиши муҳим қадам бўлди. “Келажак тадбиркори” дастури доирасида 7 йиллик 15 фоизли кредитлар, ўзини ўзи банд қилган ёшлар ва бизнесини кенгайтирмоқчи бўлганлар учун алоҳида молиявий пакетлар жорий этилди.

Шунингдек, ҳар бир ҳудудда “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил қилиниб, ёшларга ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, маркетинг ва бозорга чиқиш бўйича комплекс хизматлар кўрсатилади. “Янги авлод тадбиркорлари” дастури доирасида нуфузли хорижий университетлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, энг яхши лойиҳаларга имтиёзли ссудалар ва венчур маблағлари ажратилади. Банклар томонидан консалтинг компаниялари ташкил этилиб, минглаб ёшларга бизнес режа тайёрлашда кўмак берилади.

Касбий таълим тизимини такомиллаштириш, “дуал таълим”ни кенгайтириш, техникум ва олийгоҳларда стартапларга 1 миллиард сўмгача маблағ ажратиш, хорижий тил сертификати олган ёшларни қўллаб-қувватлаш каби чоралар ёшларнинг билим ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, хусусий ўқув марказлари ва замонавий ўқув лойиҳалари учун солиқ имтиёзлари ва коммунал харажатларни қоплаш механизмлари жорий этилди.

Умуман олганда, мазкур ташаббуслар ёшларга ўз бизнесини бошлаши, стартапларни ривожлантириш, замонавий касб эгаллаш ва халқаро тажриба орттириш учун кенг имкониятлар яратади. ЎзЛиДеП ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва инновацион ғояларни рағбатлантиришни ўз сайловолди дастурида устувор йўналиш сифатида белгилаган. Шу боисдан, партиямиз ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган бундай ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлайди.

Актам Хаитов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари

Сайтни янги дизайни ёқдими?