Ёшлар мулоқотида – эртанги кун ғоялари
O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши ташаббуси билан Ички ишлар вазирлиги Хоразм академик лицейи мажлислар залида “Биз бир миллат учун, бир халқ учун бирлашайлик!” шиори остида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мулоқотда ёшларнинг орзу-интилишлари, уларни қизиқтирган масалалар ва янги ғоялари тингланди. Сўзга чиққанлар ёшлар мамлакат тараққиётининг ҳал қилувчи кучи эканини таъкидлаб, уларнинг замонавий билимлар эгаллаши, инновацион ташаббуслари ва ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этдилар.
Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва сиёсий фаоллигини ошириш, салбий иллатлардан асраш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашилди.
Учрашувда ёшларга грант ва лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиш йўллари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Ёшлар эса ўз таклиф ва ташаббуслари билан чиқишди. Хусусан, улар фикр ва ғояларни кенг жамоатчиликка етказиш учун махсус онлайн платформа яратиш, иқтидорли ёшларни хорижда амалиёт ўташга йўналтириш, молиявий саводхонлик дарсларини жорий этиш каби муҳим таклифларни илгари суришди.