Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий дўстлиги янги босқичга кўтарилди

20.07.2024
1132
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизга ташриф буюрган Қирғизистон Президенти Садир Жапаров кўп қиррали ҳамкорликни узоқ муддатга тубдан кенгайтириш учун яхши замин яратилганини, айниқса, таъкидлади. Ҳар томонлама стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма баёнотнинг имзоланиши икки томонлама муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Яқин бир неча йил ичида савдо ҳажми 2 миллиард долларга етиши қувонарли. Демак, қирғиз биродарларимиз билан ўзимиздаги нарсаларни баҳам кўрсак, улар ҳам ўз навбатида бизда йўқ маҳсулотларни беришади. Бу ҳамкорлик яхши қўшничиликнинг энг олижаноб фазилатидир. Шу билан бирга, стратегик аҳамиятга эга минтақавий лойиҳаларни, жумладан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши ва Қамбарота ГЕС-1 қурилишини жадал амалга оширишга катта аҳамият берилди.
Бу ҳам икки давлат халқлари учун жуда муҳим масала бўлиб, шартнома имзоланишидан икки томон ҳам бирдек манфаатдор. Маълумки, Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам қатор халқаро ва минтақавий ташкилотларга аъзо. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва бошқа кўп қиррали платформалар доирасида яқин ҳамкорлик давом этиши таъкидланди. Савдо ҳажмини ошириш, биринчи навбатда, импорт ўрнини босиш дастурлари ва ҳамкорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳа бўйича уч томонлама шартнома имзолангани бу борадаги тарихий воқеа бўлди. Маданият, ёшлар, туризм, таълим, фан ва спорт соҳаларида фаол алмашинувлар давом этади. Буларнинг барчаси бизни жуда хурсанд қилади.
Чунки қўшни давлатлар билан дўстона муносабатда бўлсак, бир-биримизга ёрдам қўлини чўзсак, яхши дамларда ҳам, қийин дамларда ҳам бирга бўлсак, бундай ҳамкорлик албатта ижобий натижалар беради. Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг олий даражадаги учрашуви икки давлатнинг порлоқ келажаги ва тараққиёти йўлида муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

Дилбар Усмонова
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?