Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

“Ўзбекистон – 2030”: янгиланган стратегия — инсон ва халқ фаровонлиги учун

03.01.2026
930

Президентимизнинг 26 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш вазифасининг қўйилиши мамлакат тараққиётида мутлақо янги босқич бошланаётганидан далолат беради. 2023 йилда қабул қилинган ушбу стратегик ҳужжат қисқа вақт ичида ўз самарасини кўрсатиб, иқтисодий ўсиш, ижтимоий барқарорлик ва халқаро нуфузни мустаҳкамлашда муҳим натижаларни таъминлади. Камбағаллик ва ишсизлик даражасининг сезиларли пасайиши, ЯИМ, экспорт ва инвестициялар ҳажмининг ошиши, таълим қамрови кенгайиши — барчаси амалий ислоҳотлар самарасининг яққол исботидир.

Айниқса, ЯИМ ҳажмини 160 млрд долларга етказиш бўйича аввал 2030 йилга қаратилган мақсадга 2026 йилнинг ўзида эришиш кутилaётгани стратегиянинг реал ва прагматик асосда ишлаб чиқилганини кўрсатади. Келгуси беш йилда иқтисодиёт ҳажмини 240 млрд доллардан ошириш имконияти мавжудлиги ҳақидаги баҳо эса Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди. Бу кўрсаткичлар иқтисодий сиёсатда аниқ ҳисоб-китоб, очиқлик ва узлуксиз ислоҳотлар устувор эканини англатади.

Шу билан бирга, аҳоли сонининг ўсиши, глобал иқтисодий жараёнлар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожи “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини янгилашни тақозо этмоқда. Унда 350 дан ортиқ мутасадди идора ва илмий марказ вакиллари иштирокида 444 та самарадорлик кўрсаткичи қайта кўриб чиқилиши, 60 га яқин давлат органларининг аниқ масъулияти белгилаб қўйилиши стратегия ижросида тизимли ва шахсий жавобгарликни кучайтиради.

Муҳим жиҳати шундаки, стратегияда ҳар бир мақсадни амалга ошириш учун зарур бўлган молиявий манбалар аниқ кўрсатилган. Шунингдек, тармоқлар ва ҳудудлар бўйича ишлаб чиқиладиган барча ривожланиш дастурларининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мослаштирилиши марказ ва жойларда ишлар ягона мақсад асосида олиб борилишини таъминлайди. Энг муҳими, стратегия лойиҳасининг кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши очиқлик ва шаффофликни таъминлаб, фуқароларнинг фикр ва таклифлари қарор қабул қилиш жараёнида инобатга олинаётганини яққол кўрсатади.

Умуман олганда, янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, инсон капиталини ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган мустаҳкам дастур бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва унинг депутатлари ушбу стратегияни такомиллаштириш жараёнида фаол иштирок этиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий эркинликни кенгайтириш ва хусусий сектор улушини ошириш бўйича аниқ таклифлар билан чиқади. Энг муҳими, партия стратегия ижроси устидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш орқали белгиланган мақсадлар халқ манфаатларига хизмат қилишига ўзининг амалий ҳиссасини қўшади.

Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари

Сайтни янги дизайни ёқдими?