Ўзбекистон – Венгрия стратегик шериклиги: партиялараро мулоқотда янги босқич
Венгрияга ташриф доирасида O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов “Фидес” партияси вице-президенти Кинга Гал хоним ҳамда Венгрия Миллий Ассамблеяси Ташқи ишлар қўмитаси раиси Жолт Немет билан учрашув ўтказди. Суҳбатларда сиёсий партиялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, партиялараро ва парламентлараро мулоқотни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муносабатлар кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Давлат раҳбарлари ўртасидаги ишонч ва очиқ мулоқот икки мамлакат ҳамкорлигининг асосий таянчи бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда иқтисодий лойиҳалар, қўшма инвестиция ташаббуслари, саноат кооперацияси, агросаноат, таълим, туризм ва маданий алмашинув соҳаларида ўзаро фаол ҳамкорлик юритилмоқда.
Учрашувларда айнан шу йўналишлардаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилиниб, икки давлат сиёсий партиялари ва парламентлари ўртасидаги доимий мулоқотни муҳкамлаш муҳим экани қайд этилди. Венгрия бугун Ўзбекистоннинг Европадаги энг ишончли ва фаол шерикларидан бири сифатида, ўз навбатида, минтақадаги қатор йирик ташаббусларимизга амалий кўмак кўрсатиб келаётгани таъкидланди.
Мазкур ташриф ва учрашувлар Ўзбекистон–Венгрия муносабатларини янада юқори босқичга олиб чиқиш, сиёсий, иқтисодий, гуманитар соҳалардаги ҳамда парламентлараро ва партиялараро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.