Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 17-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ўзбекистон — Жанубий Корея: стратегик шерикликнинг муҳим даври

17.09.2026
99

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий сиёсатида асосий эътибор ҳамкорликни оддий савдо муносабатларидан юқори технология, инвестиция, саноат кооперацияси ва инсон капиталига таянган узоқ муддатли шериклик даражасига олиб чиқишга қаратилмоқда.

Президентимизнинг Корея Республикасига давлат ташрифи ана шу ёндашувнинг амалий ифодаси бўлди. Сеулда ўтказилган музокаралар, қўшма бизнес форум ва биринчи “Марказий Осиё — Корея Республикаси” саммити икки мамлакат муносабатларида нафақат бугунги ҳамкорлик натижаларини сарҳисоб қилиш, балки келгуси ўн йилликлар учун янги устувор йўналишларни белгилаш имконини берди.

Ташрифнинг аҳамиятини, аввало, иқтисодий ҳамкорлик кўлами кейинги йилларда тобора ортиб бораётгани билан изоҳлаш мумкин. Зеро, бугун Ўзбекистонда Жанубий Корея сармояси иштирокида 700 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Ушбу рақамлар икки ҳамкор ва дўст мамлакат муносабатлари дипломатик алоқалар доирасидан чиқиб, саноат, энергетика, автомобилсозлик, тиббиёт, таълим, технология ва бошқа соҳаларда реал иқтисодий шерикликка айланганини кўрсатади.

 Ҳамкорликнинг янги мазмуни

 Сеулда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён ўртасидаги музокараларда икки томонлама асосий масалалари муҳокама қилинди. Бу ерда эътиборни бир жиҳатга қаратиш муҳим: янги босқичда гап фақат савдо ҳажмини ошириш ёки алоҳида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳақида эмас, балки асосий мақсад — Жанубий Кореянинг илғор технологияси, инвестицияси ва бошқарув тажрибасини Ўзбекистоннинг табиий ресурслари, ички бозори, ишлаб чиқариш имкониятлари ва инсон капитали билан бирлаштиришдан иборат.

Ташриф доирасида қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилгани шу ёндашувнинг амалий кўламини кўрсатади. Корея Эксимбанки билан Стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилиниши эса лойиҳаларни молиявий жиҳатдан таъминлаш ва уларни амалга ошириш учун муҳим асос яратади.

Ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири юқори технологияли соҳаларга эътибор кучайиб бораётганидир. Сунъий интеллект, ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик, тиббиёт, фармацевтика, саноат ва бошқа инновацион йўналишлар келгуси ҳамкорликнинг янги нуқталари сифатида белгиланмоқда.

Бундай ёндашув Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим бир ўзгаришни англатади. Яъни инвестициянинг ўзи эмас, балки инвестиция билан бирга технология, янги ишлаб чиқариш маданияти, мутахассис тайёрлаш ва маҳаллий корхоналарни глобал қиймат занжирларига жалб этиш устувор аҳамият касб этади.

 Янги иқтисодий имкониятлар майдони

Мазкур ташриф доирасидаги яна бир муҳим воқелик 16 сентябрь куни Сеулда ўтказилган биринчи “Марказий Осиё — Корея Республикаси” саммити бўлди. Унда Ўзбекистон билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этди.

Саммитнинг ўзиёқ минтақавий ҳамкорлик учун янги формат шаклланаётганини англатади. Чунки Марказий Осиё давлатларининг бозорлари, ресурслари, транспорт салоҳияти ва ёш аҳолиси Жанубий Кореянинг технология, инвестиция ва инновация имкониятлари билан уйғунлашганда алоҳида иқтисодий самара пайдо бўлиши мумкин.

Президентимиз саммитда ана шу имкониятдан самарали фойдаланишга қаратилган бешта стратегик йўналиш бўйича ташаббусларни илгари сурди. Мазкур ташаббуслар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш ва истиқболли мақсадларга эришишда алоҳида аҳамият касб этади.

Биринчи ташаббус — узоқ муддатли режалаштириш. Бугун дунё иқтисодиётида ўзгаришлар жуда тез кечмоқда. Сунъий интеллект меҳнат бозорига таъсир қилмоқда, иқлим ўзгариши ва сув ресурслари билан боғлиқ муаммолар кучаймоқда, технология ва инсон капиталига талаб ўзгармоқда.

Шундай шароитда Президентимиз “Марказий Осиё — Корея Республикаси: жадал ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик” номли узоқ муддатли концептуал қарашни ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу ташаббуснинг аҳамияти шундаки, ҳамкорликни ҳар бир алоҳида лойиҳа эмас, балки умумий стратегик мақсадлар асосида режалаштириш имкони пайдо бўлади. Киберхавфсизлик, сунъий интеллект, таълим, инфратузилма ва иқлим каби масалалар эса бу стратегиянинг ажралмас қисмига айланади.

Иккинчи ташаббус — савдо ва инвестицияни кенгайтириш. Марказий Осиё бугун фақат хомашё етказиб берувчи минтақа эмас. Минтақа давлатларида қайта ишлаш, саноат кооперацияси ва юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятлари тобора кенгаймоқда.

Шу боис, давлатимиз раҳбари саноат ва савдо вазирлари учрашувлари платформасини яратишни таклиф қилди. Мақсад — мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва мавжуд имкониятларни аниқ лойиҳаларга айлантириш. Белгиланган муҳим мақсадлардан бири — 2030 йилга бориб Марказий Осиё давлатлари ва Жанубий Корея ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш. Ўзбекистоннинг “Марказий Осиё — Корея” саноат-технологик паркини ташкил этишга тайёрлиги ҳам шу жараённинг муҳим қисми. Бундай парк минтақа бозори учун инновацион ишлаб чиқариш базасига айланиши мумкин.

Учинчи ташаббус — муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш. Замонавий технологиялар ривожланган сари муҳим минералларга талаб ортиб бормоқда. Марказий Осиё эса уларнинг катта захираларига эга. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз муҳим минераллар бўйича Минтақавий инвестиция альянсини шакллантиришни таклиф қилди. Бу ерда асосий мақсад хомашёни шунчаки қазиб олиб экспорт қилиш эмас. Геология-қидирув, қазиб олиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қамраб олган тўлиқ саноат занжирини яратиш кўзда тутилмоқда. Агар бу ёндашув амалиётга тўлиқ татбиқ этилса, минтақада янги саноат кластерлари, инвестиция лойиҳалари ва иш ўринлари пайдо бўлиши учун замин яратилади.

Тўртинчи ташаббус — “яшил” тараққиёт. Иқлим ўзгариши бугун алоҳида бир давлатнинг эмас, бутун минтақанинг умумий масаласига айланиб бормоқда. Шу сабабли Марказий Осиё ва Жанубий Кореянинг имкониятларини бирлаштириш асосида иқлим ва углерод ҳамкорлиги бўйича янги форматни ишга тушириш таклиф қилинди. Бу йўналиш энергетика самарадорлиги, экологик технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбалари ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича янги лойиҳалар учун имконият очиши мумкин.

Бешинчи ташаббус — ёшлар ва инсон капитали. Саммитдаги энг муҳим йўналишлардан яна бири инсон капиталига қаратилгани бежиз эмас. Чунки Марказий Осиё аҳолисининг ярмидан кўпи 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат. Бу — катта имконият. Аммо бу имкониятни иқтисодий натижага айлантириш учун ёшларга замонавий билим ва касблар бериш, уларни технология соҳаларига жалб этиш ва меҳнат бозори талабига мос тайёрлаш зарур.

Шу мақсадда инсон капиталини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни “буюртма — ўқитиш — бандлик” тамойили асосида ташкил этиш таклиф қилинди. Айниқса, сунъий интеллект технологияларини биргаликда ишлаб чиқиш ва жорий этишда ёшларнинг салоҳиятидан фойдаланиш келгуси йилларда муҳим йўналишга айланиши мумкин.

Саммит якунида қабул қилинган Сеул декларацияси эса Марказий Осиё ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорликни янги, кенгроқ форматда ривожлантириш учун умумий асос вазифасини бажаради. Шу маънода, Корея Республикасига давлат ташрифи ва Сеул саммити Ўзбекистон учун янги инвестициялар жалб этишдан ташқари иқтисодиётни технологик жиҳатдан янгилаш, минтақавий саноат кооперациясини кучайтириш ва ёшларни замонавий билимлар билан таъминлаш учун янги имкониятлар очмоқда.

Келгуси босқичда асосий вазифа эришилган келишувларни аниқ лойиҳалар, янги ишлаб чиқаришлар, замонавий технологиялар, малакали кадрлар ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган амалий натижаларга айлантиришдир.

 

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

Сайтни янги дизайни ёқдими?