O'zLiDeP: кичик ва ўрта тадбиркорликка ажратилган кредитлар ҳажми ошган
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида дастлаб “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2025 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинди.
Депутатлар партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, Давлат дастурининг барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратди.
Жаҳон миқёсида ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирлари узилган, хомашё ва молиявий ресурслар нархи ошган шароитда ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти ишончли ва барқарор ўсишда давом этиб, макроиқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилгани алоҳида қайд этилди.
Хусусан, 2025 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 107,7 фоизга ошиб, 147,1 млрд АҚШ долларига етган. Экспорт эса илк бор 33,8 млрд. долларга етган. Жами қиймати 43,1 млрд. АҚШ доллари бўлган хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилга нисбатан 124 фоизга ўсишга эришилган.
Депутатлар Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш, доимий ва қатъий мониторинг олиб бориш мақсадида ҳукумат томонидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилганини таъкидладилар.
Давлат бюджети даромадларининг сезиларли ўсиши, ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатларнинг оширилиши таълим, соғлиқни сақлаш ва сув хўжалиги каби муҳим тармоқларни изчил қўллаб-қувватлашга хизмат қилгани урғуланди.
—Инвестиция ва молиявий фаоллик иқтисодиётнинг барча соҳаларида ўсиш драйверига айланди, — деди фракция аъзоси Отабек Мусурмонов. — Хорижий инвестициялар ҳажмининг кескин кўпайиши, йирик лойиҳаларни ишга тушириш ва кўплаб янги иш ўринларининг яратилиши саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларида юқори суръатларни таъминлади. Кичик ва ўрта тадбиркорликка ажратилган кредитлар ҳажмининг ошиши эса иқтисодий фаолликни жойларда кенгайтиришга хизмат қилаётир.
Фракция йиғилишида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсман)нинг 2025 йилдаги бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги Фармонига мувофиқ, таъсис этилган Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) болалар мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда мустақил миллий институт сифатида алоҳида ўрин тутиб келяпти.
Болалар омбудсмани маърузасига кўра, 2025 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 1934 та мурожаат келиб тушган.
Вакилга болалар томонидан 42 та мурожаат йўлланган бўлиб, бу жами мурожаатларнинг 2,17 фоизини ташкил этган. 2025 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 35 та шахсий қабулида 141 та фуқаролар қабул қилиниб, уларнинг мурожаати кўриб чиқилган.
Шунингдек, ўтган даврда боланинг моддий таъминоти юзасидан жами 403 млн.745 минг сўмлик алимент қарздорлиги ундиришга кўмаклашилиб, 52 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга давлат божи ва бошқа тўловларсиз ID-карталар расмийлаштирилишига амалий ёрдам кўрсатилган.
Фракция аъзолари Вакилнинг 2025 йилдаги фаолияти бўйича маърузаси ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, бола манфаатларини таъминлаш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар бердилар.
Мунозаралардан сўнг, кўриб чиқилган ҳар иккала масала ҳам депутатлар томонидан маъқулланди.