"Ишбилармон аёл" янги имкониятлар ва янги номларни кашф этмоқда
O‘zLiDePнинг «Халқ билан бирга» умумиллий дастури доирасида ўтказилаётган «Ишбилармон аёл — 2026» кўрик-танлови жойларда давом этмоқда.
Жиззах вилоятининг Пахтакор, Зарбдор ва Дўстлик туманларида танловнинг туман босқичлари ўтказилиб, «Маҳалланинг ишбилармон аёли» лойиҳасида ғолиб бўлган тадбиркор аёллар ўз бизнеси, тажрибаси ва янги ғоялари билан иштирок этди.
Бу лойиҳа аёлларга нима беряпти? Энг аввало, ўз бизнесини кўрсатиш, тажриба алмашиш, янги ҳамкорлар топиш ва ўз кучига янада ишонч билан қараш имконини беряпти. Энг муҳими, маҳаллаларда ўз меҳнати билан оиласига даромад келтираётган, бошқалар учун ҳам иш ўрни яратаётган кўплаб ишбилармон аёллар номи кенг жамоатчиликка танитилмоқда.
Дўстлик туманида ана шундай тадбиркор аёллардан бири — «Бунёдкор» маҳалласи вакили Гулҳаё Шохимардонова ғолиб бўлди. У «Бунёдкор тикувчи қизлари» МЧЖни бошқариб, тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Бугун корхонада 50 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёл доимий иш билан таъминланган.
Гулҳаёнинг мақсади эса аниқ — фаолиятини кенгайтириш, ишчилар сонини кўпайтириш ва яна янги иш ўринлари яратиш.
Демак, «Ишбилармон аёл» — шунчаки танлов эмас. Бу маҳалладаги фаол аёлни қўллаб-қувватлаш, унинг тажрибасини оммалаштириш ва янги имкониятларга йўл очиш майдони. Бугун танловда ғолиб бўлганлар орасида эртага яна юзлаб янги тадбиркор аёллар етишиб чиқишига ишонамиз.