“ХАЛҚ БИЛАН БИРГА” ДАСТУРИ
КОНЦЕПЦИЯСИ
Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган Конституциясида Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида эълон қилинди. Бу эса Ўзбекистонда давлат томонидан аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларига эътибор бериш, камбағалликка қарши кураш масалаларини ўз фаолиятининг устувор йўналишлари даражасига кўтарганлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги нутқида таъкидланганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор мақсади – мамлакатда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини ошириш бўлиб қолмоқда.
Ушбу сиёсат нафақат аҳолининг мазкур қатамлари ҳаётини кескин яхишлашга, умуман жамият барқарорлиги, равнақини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутувчи масалалардан ҳисобланади.
Шу туфайли ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу ташаббуси аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, тадбиркорлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётганлиги кўзга ташланмоқда.
Хусусан, ЎзЛиДеП ҳудудий тузилмалари томонидан тадбиркорлар билан ўтказилаётган доимий мулоқотлар жараёнида тадбиркорлар ҳам ушбу ташаббусдан четда турмасликларини ва давлатнинг мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларида фаол иштирок қилиш ниятларини доимий равишда билдириб келишмоқда.
Шу билан бирга, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш ўзбек халқининг ажралмас қадриятларидан бири эканлиги ҳам таъкидланмоқда.
ЎзЛиДеП жамиятнинг энг фаол қатлами бўлган тадбиркорлар томонидан илгари сурилаётган ушбу хоҳиш-истаклари, қатъий фуқаролик позициясини ифода этувчи, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ташаббусларни янада қўллаб-қувватлаш, камбағалликни камайтиришга хисса қўшишни мақсад қилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурини амалга ошириш ташаббуси билан чиқмоқда.
Дастурни амалга оширишда ЎзЛиДеП ўз фаолларига, аввало тадбиркорларга, ҳамкор ташкилотларга, маҳаллаларга, нодавлат нотижорат ташкилотларига таянган ҳолда иш олиб боради. Қолаверса, дастурда иштирок этишни хоҳлаган барча учун очиқлигини билдиради.
Дастурга 2026 йил апрелида старт берилиб, 2026 йилнинг декабригача давом этади ва йил якуни арафасида якуний тадбирлари амалга оширилади. Дастурни амалга ошириш жараёнида 10 та йўналиш бўйича жами 300 дан ортиқ республика миқёсида йирик тадбирлар ўтказилади.
Дастур доирасида 50 мингдан ортиқ тадбиркорлар иштирок этади ва турли кўринишдаги ёрдамлар билан 1,5 млндан ортиқ фуқаролар қамраб олинади.
I.Дастурнинг асосий мақсадлари ва вазифалари
- Мақсадлар:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу ташаббуси билан амалга оширилаётган камбағалликка қарши кураш, кам таъминланган аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳаракатига тадбиркорларни кенг жалб қилиш;
- аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларига бизнес орқали моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, ҳар бир ижтимоий гуруҳ эҳтиёжига мос чора-тадбирларни амалга ошириш йўли билан аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга кўмаклашиш;
- бизнес ва жамият ўртасида ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
- корпоратив ижтимоий масъулият маданиятини миллий даражада ривожлантириш;
- аҳоли ижтимоий кайфиятида позитив ўзгаришларга туртки бериш, давлат сиёсати ва тадбиркорлар фаолиятидан розилик кайфиятини кучайтириш, жойларда ижтимоий барқарорлик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиш.
- Вазифалар:
- бизнес тузилмалар томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг шаффоф механизмларини шакллантириш;
- аҳолининг эҳтиёжларига тезкор жавоб берувчи тизимни яратиш;
- ижтимоий ёрдам кўрсатишда ЎзЛиДеП, маҳаллий ҳокимият ҳамда маҳаллалар ва бизнес ўртасида уч томонлама ҳамкорлик моделини йўлга қўйиш;
- жамоатчилик орасида бизнеснинг ижобий имижини шакллантириш.
II. Дастур доирасида аҳоли билан ишлаш стратегияси
Ўзбекистонда кейинги йилларда аҳоли билан ишлаш йўналишида мутлақо янгича асосда фаолият юритувчи маҳалла тизими, қолаверса, Ижтимоий ҳимоя милилй агентлиги шаъфелигида амалга оширилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмак бериш амалиёти йўлга қўйилиши билан аҳолига давлат томонидан кўмак беришнинг ўзига хос тизими яратилди ва самарали фаолият юритиб келмоқда.
Мазкур дастурнинг концептуал ўзига хослиги унинг доирасида давлат органларидан ва ушбу йўналишда давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлган тузилмалардан ташқари ЎзЛиДеП тадбиркорлар билан ҳамкорликда “қўшимча ёрдам қўлини чўзиш” ташаббуси билан ўртага чиқаётганлигидир. Яъни, партия ўз дастурси билан ўзбек ҳалқига хос бўлган саховатпешалик тамойиллари асосида қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракатни амалга оширишни режалаштирган.
Бу эса аҳолининг кам таъминланган табақаларига ёрдам кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан кенг ижтимоий ҳаракатга айланаётганлигини, давлатнинг мазкур йўналишда бошлаб берган саъй-ҳаракатларини фуқаролик жамияти, хусусан, ЎзЛиДеПнинг электорати – тадбиркорлар қатъий қўллаб-қувватлаётганлигини яққол намоён этади.
Аҳоли билан ишлаш жараёнлари “Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан мувофиқлаштирган ҳолда ташкил этилади.
Дастурни амалга ошириш аҳоли муаммоларини тезкор аниқлаш ва уларга мос ечимларни ишлаб чиқиш ва таклиф этишни талаб қилади. Ушбу ҳолатни инобатга олган ҳолда жойларда аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, кам таъминлаган оилалар эҳтиёжларини аниқлаш, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш тизимини шакллантириш мақсадида аҳоли билан ишлашнинг қуйидаги стратегияси амалга оширилади:
- Уйма-уй юриш орқали маълумот йиғиш (“Юракка йўл” акцияси)
Ушбу усул партия фаоллари, депутатлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари томонидан бевосита маҳаллаларга, оилаларга бориш, 1 млндан ортиқ хонадонларга кириб чиқишни кўзда тутади. “Юракка йўл” акцияси доирасида уйма-уй юриш давомида яна бир бор Ўзбекистонда маҳаллаларни обод қилиш, кам таъминланган аҳоли қатламларига ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган сиёсат моҳияти тушунтирилади, аҳолини ўйлантираётган муаммолар ўрганилади ва умумлаштирилади, дастур доирасида ёрдам кўрсатилиши лозим бўлган оилалар ва кўрсатилиши зарур бўлган ёрдам характери аниқланади (2026 йил январь-ноябрь).
- Мобил штаблар фаолиятини йўлга қўйиш ва сайёр қабулларни амалга ошириш
Жойларга чиқиб аҳоли билан доимий мулоқотларни амалга ошириб борадиган 10 дан ортиқ мобил штаблар фаолияти йўлга қўйилади. Режа асосида тизимли равишда барча ҳудудларда партия фаоллари, депутатлар, тадбиркорлар ва ҳамкор давлат ташкилотлари вакиллари 200 дан ортиқ аҳоли қабулларини амалга ошириб, барча мурожаат қилганлар тингланади ва жойида ушбу масалаларга ечим топиш чоралари кўрилади, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар олинади. Ушбу учрашувларда аниқланган масалалар партиянинг дастурси доирасида манзилли кўмак бериш режасига киритилади.
- Маҳалла билан ҳамкорликда ўрганишларни амалга ошириш
“Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда кўмакка муҳтож оилаларни аниқлашда, бирламчи ёрдам кўрсатилиши керак бўлган хонадонларни белгилаш ишлари олиб борилади. Шунинг учун маҳаллалар билан янги форматда тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилади.
- Партия ёшлар ва аёллар қанотларини фаоллаштириш
Ҳудудларда ёшлар, аёллар, нуронийлар ўртасида турли мавзуларда 50 та давра суҳбатлари, 100 дан ортиқ муҳокамалар, 50 та очиқ мулоқотлар, 10 та конференция ва 25 та йирик акциялар ташкил этилади ва аҳолини ўйлантираётган саволларга партия билан биргаликда жавоб излашга тайёрлиги кўрсатилади (2026 йил февраль-ноябрь).
- Онлайн ва оффлайн сўровномаларни ўтказиш
Дастур доирасида аҳоли фикрини ўрганиб бориш мақсадида Телеграм-бот ишга туширилади ва у орқали онлайн сўровномалар амалга ошириб борилади. Сўровномалар етакчи социолог-экспертлар томонидан ишлаб чиқилади ҳамда жойларда оффлайн тарзда ҳам амалга оширилади. Жами 20 дан ортиқ онлайн ва оффлайн сўровлар ўтказиш, таҳлилий материалларини тайёрлаш кўзда тутилган. Маълумотларни йиғиш жараёнларига партиянинг ҳудудий кенгашлари фаоллари жалб қилинади (2026 йил январь-сентябрь).
- “Депутат билан очиқ суҳбат” онлайн платформасини ишга тушириш
Қонунчилик палатаси ва худудий кенгашларга сайланган депутатларнинг ўз сайловчилари билан онлайн мулоқотлари ташкил қилинади. Депутат билан мулоқот тўғрисида маълумот партия сайти ва ижтимоий тармоқдаги каналлари орқали олдиндан эълон қилинади. Мулоқотда иштирок этаётганлар депутатларга ўзларини ўйлантирган масалалар юзасидан ахборот берадилар. Мазкур тадбир депутатларнинг сайловчиларга янада яқин бўлишига, депутатнинг халқ орасида ижобий имижи шаклланиб боришига ҳам хизмат қилади.
- Онлайн мулоқотнинг бошқа турларини амалга ошириш
- “Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим” рубрикаси остида партия сайтида онлайн таклифлар йиғиш тизими йўлга қўйилади;
- “Муаммоингизни баён этинг” телеграм ижтимоий тармоғи орқали махсус канал фаолияти йўлга қўйилади (2026 йил январь).
Мазкур мулоқот турлари ҳам аҳолининг турли қатламлари вакилларига ўз фикрларини етказиб туриш ва партия билан аҳоли қатламлари ўртасида амалга оширилаётган дастур бўйича фикр алмашиб туриш имконини яратади.
Ушбу ўрганишлар натижасида ҳар бир ҳудуд кесимида аҳолини ўйлантирган муаммолар базаси шакллантирилади: ишсизлик, уй-жой, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ёрдам билан боғлиқ масалалар ва бошқалар аниқланиб, манзилли ёрдам кўрсатиш учун асос қилиб олинади.
III. Дастурнинг асосий йўналишлари
Дастур доирасида турли кўринишдаги амалий ёрдам турлари, акциялар ва марафонлар ўтказиш кўзда тутилади.
1. Ёрдам турлари:
- ижтимоий ҳимоя тадбирларини амалга ошириш: озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак, уй жиҳозлари билан таъминлаш;
- маҳаллалар билан келишган ҳолда кам таъминланган оилаларни тадбиркорлар томонидан оталиққа олинишини йўлга қўйиш;
- олий таълим муассасаларига ўқишга кирган кам таъминланган оила фарзандлари учун ЎзЛиДеП стипендиясини жори этиш, болалар уйларига китоблар, техника воситаларини етказиб бериш;
- кам таъминланган оилалар учун тиббий кўриклар ўтказиш, врачларнинг сайёр қабулларини ташкиллаштириш;
- тадбиркорларда иш ўринларини яратиш ва ёшларни, шу жумладан, ногиронлиги бор шахсларни иш ўринлари билан таъминлаш;
- “Ишга марҳамат” мономарказлари билан ҳамкорликда ёшларни касбга ўқитиш ва қайта тайёрлашнинг инновацион усулларини жорий этиш;
- “Фаровонликка томон илк қадам” номли муҳокамалар ташкил этиш, улар орқали ҳар бир маҳаллагача кириб борган ҳолда ишсиз ёшлар, хотин-қизлар билан мавжуд муаммоли ҳолатларни очиқ муҳокама қилишни йўлга қўйиш ва “муаммолар харитаси”ни шакллантириш;
- “Имконият ўз қўлимизда” номли очиқ мулоқотларни ташкил этиш ва мобил штаблар таркибидаги мутахассислар (иқтисодчилар, хуқуқшунослар) кўмагида аҳолига муаммоларни ҳал қилиш бўйича профессионал маслаҳат олиш имкониятини яратиш;
- Ёшлар ва аёллар учун тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга оид беғараз ўқув курслари, маҳорат дарслари
ва тренинглар ташкил этиш.
- Акциялар:
- бизнес вакиллари томонидан энг муҳтож оилани 1 йил ҳомийликка олишни кўзда тутувчи “Бир оила – бир ҳомий” акцияси;
- ойига бир марта бизнес вакиллари ва волонтёрлар томонидан аҳолига бевосита ёрдам кўрсатишини кўзда тутувчи “Яхшилик марафони”;
- кам даромадли оилаларни барқарор даромад манбаи (томорқачилик, оилавий тадбиркорликка жалб қилиш орқали ёки оила аъзоларидан бирини ишга жойлаштириш) билан таъминлашга қаратилган “Фаровон оила” акцияси;
- оилаларнинг доимий даромад манбаи бўлган оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган “Оилавий тадбиркорлар ва касаначилар мактаби” акцияси (дастур доирасида 20мингта оила қамраб олинади);
- хонадонлар кесимида ҳар бир оиланинг қизиқишларини аниқлаш (оилавий тадбиркорлик, деҳқончилик ва бошқалар), шу асосда, уларнинг интилишларидан келиб чиқиб шунга мос фаолият турига ўқитиш ва малакасини ошириш, иш бошлаши учун зарур асосларни яратиб беришга қаратилган “Фаровон ҳаёт сари” акцияси;
- ногиронлиги бор шахсларга моддий ва тиббий ёрдам кўрсатишни кўзда тутувчи “Инсон қадри улуғланган юрт” акцияси;
- мамлакатимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида тадбиркор ва фермер хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган “Ишбилармон аёл” дастурси;
- ёшларнинг инновацион ғояларини рўёбга чиқариш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ва янги технологик ечимларни ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ёшларнинг стартап дастурларини қўллаб-қувватлаш” акцияси;
- IT ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, веб-дастурлаш, киберхавфсизлик, мобил иловалар яратиш бўйича ёшлар учун семинарлар ташкил қилишни кўзда тутувчи “IT ва сунъий интеллект етакчилари” акцияси;
- ёлғиз кексаларга хизмат ва моддий кўмак кўрсатишни кўзда тутувчи “Кексаларга меҳр” акцияси;
- турмуш қийинчиликларига дуч келган аёлларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган “Умид” акцияси;
- республика бўйича бир кунда маҳалла ва мактаб кутубхоналарига китоблар совға қилиш тадбирларини ўзида қамраб олган “Бир кунда – 1000 китоб” акцияси;
- ёшлар орасида қонуний ва хавфсиз миграция масалалари бўйича кенг тушунтириш тадбирларини ўтказишни кўзда тутувчи “Хавфсиз миграция” акцияси;
- қишлоқ хўжалик соҳасида ёшларга амалий билим ва кўникмаларни ўргатишга қаратилган “Ёш фермерлар тажриба мактаби” акцияси;
- ўз фаолиятини ҳунармандчилик йўналиши билан боғламоқчи бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга “устоз-шогирд” анъаналари доирасида амалий ва услубий билимларни беришни кўзда тутувчи “Ҳунармандлар кўргазмаси” акцияси;
- тадбиркорлар томонидан ўз корхоналарида иш ўринларини яратиш ва ёшлар, аёллар, жумладан, ногиронлиги бор шахсларни иш билан таъминлашга қаратилган “Бир жамоада” акцияси;
- аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини фаол жорий этиш, бепул тиббий кўриклар ўтказиш кўзда тутувчи “Саломатлик сари” акцияси;
- болалар уйларига китоблар, техника воситалари, кийим-кечаклар етказиб бериш тадбирларини амалга оширишни кўзда тутувчи “Тадбиркорлардан болажонларга” акцияси;
- ёшлар орасида кўча спорт машқлари (жумладан, турник, брус
ва б.), спортнинг мини футбол, волейбол, баскетбол (стритбол), шахмат, шашка, стол тенниси, кураш, арқон тортиш спорт турлари бўйича беллашувларни ташкил этиш орқали ёшларнинг дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган, ҳудудий ва республика босқичларида ўтказиладиган “Youth Sports Challenge” спорт мусобақалари; - маҳаллалар ва корхоналарда спорт тадбирлари ташкил қилиниб, қатнашчиларга бизнес вакиллари тарафидан эсдалик совғалари топширилишини кўзда тутувчи “Соғлом ҳаёт марафони” акцияси.
- Жамоатчилик ва парламент назорати
- жойларда амалга ошириладиган ўрганишларни умумлаштириш нафақат манзилли ёрдам нуқталарини белгилаш, балки тегишли ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижросини таъминлаш, камбағалликка қарши курашиш сиёсатининг бориши тўғрисида ҳам маълумотлар, таҳлиллар йиғиш ҳамда улар асосида тегишли партия кенгашининг хулосаси билан жамоат эшитувларини амалга ошириш;
- ҳар бир ҳудуд кесимида тўпланган маълумотларни умумлаштириш асосида вилоят кенгаши партия қўмитаси қарори билан масала депутатлик гуруҳлари орқали тегишли халқ депутатлари вилоят ёки туман кенгашлари муҳокамасига олиб чиқиш;
- дастур доирасида йиғилган материаллар таҳлили асосида ЎзЛиДеПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси масала юзасидан тегишли вазирликларга депутат сўровларини юбориш ёки парламент эшитувини ўтказиш учун Қонунчилик палатасига киритиш.
- Конференция, давра суҳбатлари ва форумлар
Ҳудудларда ёшлар, аёллар, нуронийлар ўртасида турли мавзуларда 60 тадан ортиқ конференция, форум ва давра суҳбатлари ташкил этилади ва аҳолини ўйлантираётган саволларга партия билан биргаликда жавоб излашга тайёрлиги кўрсатилади. Жумладан:
- “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида ёшлар форуми;
- “Янги Ўзбекистон ёшлари: фаровонлик ва инновацион келажак сари” мавзусида илмий-амалий конференция;
- “Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришга қаратилган давлат сиёсати” мавзусида илмий-амалий конференция;
- “Ўзбекистон хотин-қизлари: фаоллик ва фаровонлик йўлида” мавзусида илмий-амалий конференция;
- “Камбағалликни қисқартириш: жаҳон амалиёти ва Ўзбекистон тажрибаси” мазусида давра суҳбати;
- “Ўзбекистонда таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари трансформацияси” мавзусида давра суҳбати;
- “Инсон қадри ва фаровонлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамлар” мавзусида давра суҳбати;
- “Ўзбекистон – 2030” стратегияси: мақсадлар, ютуқлар ва олдиндаги марралар” мавзусида илмий-амалий конференция.
- Камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини очиб берувчи мақолалар туркуми
Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, соҳа мутахассислари, олимлар ва экспертлар томонидан камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини очиб берувчи мақолалар туркумини:
- маҳаллий оммавий ахборот воситаларида;
- халқаро оммавий ахборот воситаларида;
- интернет ресурсларида;
- ижтимоий тармоқларда чоп этиш орқали Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги фаолияти ва ютуқларини оммалаштириш.
- Дастур якунида амалга ошириладиган тадбирлар
- ўрганишлар натижасида янги дастурлар дастурларини ишлаб чиқиш, муаммолар ечимига оид партия ва фракция йиғилишлари ҳамда якунловчи тадбирни ўтказиш (2026 йил сентябрь-декабрь);
- энг фаол бизнес вакилларини рағбатлантиришни кўзда тутувчи “Ижтимоий масъулиятли тадбиркор” йил танловини ўтказиш;
- ЎзЛиДеПнинг “Фидокор тадбиркор” кўкрак нишонини жорий этиш ва йил давомида энг кўп хайрия акциялари ўтказган тадбиркорларга йил танлови маросимида топшириш;
- фаоллик кўрсатган бошқа тадбиркорларни партиянинг ташаккурномалари, махсус совринлари билан тақдирлаш;
- дастур якунида “Халқ билан бирга” йирик концерт, кўргазма ва форум орқали якунловчи тадбирни ўтказиш (2026 йил сентябрь-декабрь).
- Дастурни амалга оширишдан кутилаётган самара:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ манфаатини таъминлашга қаратилган сиёсатини жойларда тўлақонли рўёбга чиқариш, аҳоли розилигини кучайтириш;
- аҳолининг муҳтож қатламлари учун тадбиркорлар кўмагида манзилли ёрдамларни ташкил қилиш;
- ёшлар, аёллар ва кексаларни ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш, уларни дастур доирасида кузатувчи эмас, балки иштирокчига айлантириш;
- бизнес ва жамият ҳамкорлиги орқали ижтимоий масъулиятли муҳит шакллантириш;
- аҳолининг бизнес вакилларига нисабатан муносабатини янада ижобий томонга ўзгартириш;
- фуқаролар фикр ва таклифлари асосида йирик тадбирларни қамраб олувчи йўл хариталарини ишлаб чиқиш ва Ҳукуматга тақдим этиш;
- бизнес вакиллари ўз брендини ижтимоий ишонч орқали кучайтириши;
- дастур орқали ишсизликни камайтириш, кам таъминланган оилаларни, ёрдамга муҳтож ёшларни қўллаб қувватлашга ва жамиятда бирдамлик руҳини оширишга эришиш.
VI. Дастурнинг ахборот таъминоти ва челленжлар
- Партия газетаси, веб-сайти, ижтимоий тармоқлари, шунингдек бошқа ОАВ ва интернет-ресурслар орқали “Халқ билан бирга” рукни остида дастур доирасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши тўғрисида барча жараёнлар кенг ёритиб борилади. Бунда:
- ЎзЛиДеП сайтида дастур доирасида амалга оширилган ишларнинг ҳафталик якунлари тақдим қилиб борилади;
- ижтимоий тармоқларда #Халқ билан бирга, #Масъулиятли тадбиркор, #Яхшилик Эстафетаси хештеглар остида дастур доирасида фаол бўлган тадбиркорларнинг ишлари кенг ёритиб борилади;
- “Масъулиятли тадбиркор – халқ билан бирга” шиори остида партия сайти ва ҳамкор ОАВлар сайтида ушбу дастурда фаол иштирок этаётган тадбиркорлар халққа танитиб борилади.
- “Масъулиятли тадбиркор!” челленж-эстафетаси ташкил этилади.
Бунда, таниқли тадбиркорлардан бири хайрия ёки ижтимоий акцияни амалга оширади ва эстафетани иккинчи тадбиркорга ўтказади. Кейинги тадбиркор ҳам шундай акция қилади ва бошқа тадбиркорга эстафетани топширади. Уларнинг сафи тобора кўпайиб бораверади.
Худди шундай партиянинг бир вилоят кенгаши дастур доирасида ташаббус кўрсатади ва бошқа вилоятлар ушбу ташаббус эстафетасини давом эттиради. Ушбу челленж партия ташаббусини қўллаб-қувватлаётган тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб бораётгани, барча ҳудудлар ушбу жараёнга фаол кириб бораётганлигини кўрсатиш учун хизмат қилади.
- Дастурни кенг тарғиб этиш, ахборот таъминотини амалга оширишда таниқли шахслар, блогерлар, йирик бизнес вакиллари ҳам жалб этилади.