Андижонлик креатив тадбиркор ёшларга O‘zLiDePнинг эсдалик совғалари топширилди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳасининг Андижон вилояти босқичи форуми ташкил этилди.
Балиқчи туманидаги “AI HUB” сунъий интеллект марказида O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган форумда ёшларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди.
Форумда ёшлар ўзлари яратган янги ишланмалар, инновацион маҳсулотлар ва креатив лойиҳаларни намойиш этиб, уларнинг амалий аҳамияти ҳамда келгусидаги ривожланиш истиқболлари ҳақида маълумот бердилар. Шунингдек, креатив тадбиркорликни ривожлантириш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Иштирокчиларнинг тақдимотлари ёшларнинг ғояларни амалий натижага айлантиришга бўлган интилишини намоён этди.
Форум якунида иштирокчиларнинг ташаббуслари ва намойиш этган ишланмалари эътироф этилди. Форумнинг энг яхши иштирокчиларига O‘zLiDePнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.