Бухоро шаҳри жамоасига O‘zLiDeP кубоги топширилди
O‘zLiDeP ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида бошланғич партия ташкилотлари фаоллари ўртасида футбол бўйича O‘zLiDeP кубоги мусобақаси ўтказилди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларини қамраб олган турнир партия фаоллари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда жамоавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Бухоро вилояти футбол мактабида мусобақанинг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Унда саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган туман ва шаҳар жамоалари ўзаро куч синашди. Қизиқарли баҳслар якунига кўра, Бухоро шаҳар жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, O‘zLiDeP кубоги соҳиби бўлди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга партиянинг эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари топширилди.