Депутат аралашуви билан муаммога амалий ечим топилди
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Шар-шар боғот” маҳалласи аҳолисидан тошни қайта ишлаш корхонаси фаолияти билан боғлиқ бир неча мурожаатлар келиб тушган эди. Асосий муаммо оғир юк машиналарининг ички кўчалар орқали ҳаракатланиши оқибатида хавфли вазиятлар, чанг ва шовқиннинг юзага келаётгани билан боғлиқ эди.
Мурожаатлар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наргиза Саломова туман ҳокими ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ҳудудда ўрганиш ўтказиб, аҳоли ҳамда тадбиркор билан очиқ мулоқот қилди.
Жойидаги муҳокамалар натижасида муҳим келишувга эришилди. Энди заводга қатновчи оғир юк машиналари аҳоли яшаш ҳудудлари орқали ҳаракатланмайди. Улар учун хонадонлардан четда янги йўл барпо этилади. Йўл қурилиши учун зарур рухсатномалар туман ҳокимлиги томонидан расмийлаштирилади, барча қурилиш харажатлари эса тадбиркор маблағлари ҳисобидан қопланади.
Мазкур қарор аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, чанг ва шовқинни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини хавфсиз давом эттиришга хизмат қилади.