Фарғонада “Ишбилармон аёл – 2026” танловининг ҳудудий республика босқичи ғолиблари аниқланди
Фарғона вилоятида “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида “Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танловининг республика ҳудудий босқичи ўтказилди. Унда вилоятнинг 19 та туман ва шаҳридан келган тадбиркор, фермер ва ҳунарманд аёллар иштирок этиб, ўз фаолияти, бизнес лойиҳалари ва эришган натижаларини намойиш этдилар.
Танловнинг маҳалла босқичида мамлакат бўйлаб 1 017 та маҳалла қамраб олиниб, 10 156 нафарга яқин ишбилармон хотин-қиз иштирок этди. Жараён давомида кўплаб янги тадбиркор аёллар аниқланиб, уларнинг ташаббус ва бизнес ғоялари қўллаб-қувватланди.
Ҳудудий босқичда иштирокчилар ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар, амалга оширган лойиҳалари ва келгуси режаларини тақдим этдилар. Уларнинг фаолияти, яратган иш ўринлари, тадбиркорлик натижалари ҳамда жамият ҳаётига қўшаётган ҳиссаси белгиланган мезонлар асосида баҳоланди.
Танловда “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор”, “Замонавий ташаббускор аёл”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланди.
Мазкур танлов хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юзага чиқариш, янги ташаббусларини рағбатлантириш ва илғор тажрибаларини оммалаштиришга хизмат қилади.