Asosiy kontentga o‘tish
Жума 23-октябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Янгиликлар

Ҳар бир бола фаровонлиги — умумий масъулият

23.10.2026 51
Ҳар бир бола фаровонлиги — умумий масъулият

Самарқанд шаҳрида кўтаринки руҳда ўтган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммити нафақат мамлакатимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳаётида ҳам муҳим воқеадир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев саммит иштирокчиларига йўллаган табригида болалар фаровонлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар бир бола учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Болаларнинг сифатли таълим олиши, соғлом ўсиши, хавфсиз муҳитда камол топиши ва ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Саммитнинг яна бир муҳим аҳамияти шундаки, унда болалар фаровонлиги фақат ижтимоий сиёсатнинг алоҳида йўналиши сифатида эмас, балки жамиятнинг барқарор тараққиёти, инсон капиталини ривожлантириш ва келажак авлодлар олдидаги масъулият билан чамбарчас боғлиқ масала сифатида қаралди. Боланинг соғлом ўсиши, сифатли таълим олиши, хавфсиз муҳитда яшаши ва ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун бугун яратилган имкониятлар эртанги жамиятнинг интеллектуал, маънавий ва иқтисодий тараққиётини белгилайди.

Тадбирнинг очилиш маросими ва ялпи сессияларида болалар фаровонлигига кенг кўламли инвестициялар киритиш, болалар манфаатларини ҳисобга олувчи янги авлод ижтимоий ҳимоя тизимларини шакллантириш ҳамда болаларни зўравонлик ва бошқа хавф-хатарлардан ҳимоя қилишнинг интеграциялашган механизмларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Айниқса, ижтимоий ҳимоя тизимларини болалар эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалар ва болаларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматларнинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш масалалари долзарб аҳамият касб этади. Бу борада давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимдир.

Саммитнинг яна бир муҳим йўналиши — болалар саломатлигини муҳофаза қилишдир. Унда болалар учун сифатли ва барқарор соғлиқни сақлаш тизимларига инвестиция киритиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва инсон ҳаётининг барча босқичларида саломатликни таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, Самарқандда II Халқаро болалар онкологияси конгрессининг ўтказилгани болалар онкологик касалликларининг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш соҳасидаги халқаро тажриба алмашинуви учун муҳим имконият яратди.

Якуний ялпи сессияда Болалар фаровонлигига инвестициялар тўғрисидаги Самарқанд декларациясини қабул қилингани анжуманнинг энг муҳим сиёсий ва амалий натижаларидан бири бўлди. Мазкур ҳужжат болалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни умумий мақсадлар атрофида бирлаштириш, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва устувор вазифаларни белгилашда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳар қандай халқаро ташаббуснинг ҳақиқий қиймати унинг амалиётда қандай натижа бериши билан ўлчанади. Шу боис декларацияда илгари суриладиган тамойил ва мақсадларни миллий қонунчилик ва амалий чора-тадбирлар билан уйғунлаштириш, уларнинг ижросини баҳолаш имконини берадиган механизмларни ривожлантириш муҳимдир.

Бу жараёнда парламент зиммасига болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш, болалар фаровонлиги учун ажратилаётган маблағлар самарадорлиги устидан назоратни кучайтириш ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги давлат дастурлари ижросини таъминлашдек муҳим вазифалар юкланади. Шунингдек, ҳар бир бола учун тенг имкониятлар яратиш ва уларнинг манфаатларини қарорлар қабул қилиш жараёнида устувор ҳисобга олиш депутатлик фаолиятининг асосий йўналишларидан бўлиши лозим.

Жаҳон саммити ва Самарқанд декларациясининг қабул қилингани болалар фаровонлигини таъминлаш борасидаги умумий мақсадларимизни амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва амалий ечимларни илгари суришга хизмат қилишига ишончим комил.

 

Севара УБАЙДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?