Марҳамат туманидаги сайёр қабулда 160 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди
Марҳамат туманида O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Унда аҳоли мурожаатлари тингланиб, бандлик, тадбиркорлик, коммунал хизмат, таълим ва ижтимоий ҳимояга оид масалалар кўриб чиқилди.
Қабулда 160 нафардан зиёд фуқаро иштирок этиб, кўплаб мурожаатлар жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб қилувчи масалалар эса назоратга олиниб, масъулларга топшириқлар берилди.
Тадбир доирасида ёшларга ҳарбий хизмат, ҳайдовчилик ва олий таълим контракт тўловлари учун моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат ва саховат қутичалари тарқатилди.
Сайёр қабулдан сўнг партия фаоллари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Бу каби амалий ишлар аҳоли муаммоларини эшитиш ва инсон манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.