ЎзЛиДеП фракцияси: қонун лойиҳаси инвестициявий жозибадорликни оширишга қаратилган
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳада кўзда тутилган солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, хусусан чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимининг жорий қилиниши уларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида олган даромадларини солиқдан озод қилиш имконини беради. Бу эса, мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун янада жозибадор муҳит яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳада саноат корхоналарида дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ходимлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 2030 йил
1 январга қадар бўлган даврда икки баравар камайтирилиб, амалдаги 12 фоиздан 6 фоизга туширилиши миллий иқтисодиёт учун зарур бўлган малакали кадрларни дуал таълим орқали тайёрлашни рағбатлантиришга хизмат қилади.
— Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга, хорижий мутахассислар учун қулай шароитлар яратишга, меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади, — дейди Маъруфжон Раҳмонов.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига давлат сирларини сақлаш фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, ахборотлаштириш ва муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини аттестациядан ўтказиш, киберхавфсизликни таъминлаш учун қўлланиладиган аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситаларни сертификатлаштириш, давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланишга рухсат бериш тартиби ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Фракция аъзоларининг фикрича, мазкур ўзгартишлар ахборот хавфсизлигини кучайтиришга, кибертаҳдидларнинг олдини олишга ҳамда рақамли инфратузилманинг ишончли ва барқарор фаолиятини таъминлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.