Нукуслик ёшларнинг бизнес лойиҳалари қўллаб-қувватланади
Нукус шаҳрида ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбарининг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Учрашувда Президентимиз томонидан 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган очиқ мулоқотда илгари сурилган ташаббуслар ва белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Хусусан, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, муносиб иш ўринларига эга бўлиши ҳамда иқтидорли ёшларни рағбатлантиришга қаратилган янги имкониятлар ҳақида фикр алмашилди.
Шунингдек, «Халқ билан бирга» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Мулоқот очиқ ва самимий руҳда ўтди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди, таклиф ва ташаббусларини билдиришди. Тадбир якунида партия фаолиятида фаол иштирок этаётган бир гуруҳ ёшлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бу каби учрашувлар ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги фаол иштирокини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.