O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи Хоразмда туристлар учун ягона мобил илова яратиш таклифини илгари сурди
Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашида O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи иштирокида ўтказилган жамоатчилик эшитувида вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш, туристик хизматлар экспортини ошириш ва соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди. Эшитувда Хоразм вилояти Туризм бошқармаси томонидан эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан ахборот тақдим этилди.
Таъкидланганидек, 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, Хоразм вилоятига 8 миллион 593 минг 281 нафар сайёҳ ташриф буюрган. Шундан 1 миллион 767 минг 832 нафари хорижий, 6 миллион 825 минг 449 нафари маҳаллий сайёҳлар бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб икки баробарга ошган. Шунингдек, 300 дан ортиқ хорижий туристик компания билан 500 га яқин ҳамкорлик келишувлари имзоланиб, халқаро туристик маршрутларни кенгайтириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Эшитувда Ҳазорасп туманидаги “Сулаймон қалъа” мажмуасини замонавий туризм масканига айлантириш, Урганч шаҳрида “Шовот” канали бўйлаб туристик ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, туристлар учун ягона мобил илова яратиш, этноқишлоқлар ва ҳунармандлар марказларини ташкил этиш, хорижий тилларни мукаммал биладиган гидлар тайёрлаш, халқаро авиақатновларни кенгайтириш ҳамда “Night Tourism” дастурини йўлга қўйиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Эшитув якунида туризмни янада ривожлантириш орқали инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш, хизматлар экспортини кўпайтириш ва Хоразмни Марказий Осиёнинг энг жозибадор туристик йўналишларидан бирига айлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди. Туризм соҳасидаги бундай ташаббуслар иқтисодий ўсишни таъминлаш, миллий маданий меросни асраш ва мамлакатимизнинг халқаро нуфузини юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди.