O‘zLiDeP фракцияси раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудудлардаги муаммоларни ўрганмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Андижон вилоятидаги ислоҳотлар ижроси, аҳоли бандлиги, тадбиркорлик ва инфратузилма масалаларини жойига чиққан ҳолда ўрганмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири Улуғнор туманида ташкил этилди. Унда 862 та камбағал оиладаги 3 556 нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди. Балиқчида эса “Tetratex” МЧЖда 400 нафар, “Vodud 48” МЧЖда 85 нафар, “LB sport” МЧЖда 250 нафар аҳоли иш билан таъминлангани, Бўстонда “Rash Milk” корхонасида 180 нафардан зиёд ишчи меҳнат қилиб, маҳсулотларнинг 45 фоизи Тожикистон ва Қирғизистонга экспорт қилинаётгани қайд этилди.
Хўжаободда 2010 йилда 6 нафар ишчи билан иш бошланган “Замон текстил” корхонасида бугун 50 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 800 нафардан зиёд доимий иш ўрни яратилгани ўрганилди. Шу билан бирга, “Имом ота” туризм қишлоғига олиб борувчи автомобиль йўлининг 12 км қисмини капитал таъмирлаш ва 1957 йилда қурилган 3-сонли мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Булоқбошида “М. Исмоилий” маҳалласи аҳолисининг 48 фоизи узумчилик билан шуғулланаётгани, “Олтиариқ Агростар” томонидан 100 гектар янги токзор барпо этиш ва 150 гектар токзорни янги данаксиз навларга ўтказиш ишлари олиб борилаётгани қайд этилди. “Улкан” канали ва гидротехник иншоотларни реконструкция қилиш орқали “Ойбек”, “Навоий” ва “Учтепа” массивларидаги 683 гектар экин майдонининг сув таъминотини яхшилаш, “Сарвонтепа”даги 6,9 МВт қувватли ГЭС учун янги подстанция қуриш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бўстон ва Балиқчида фермерлар билан мулоқотларда сувдан тежамкор фойдаланиш, томчилатиб суғориш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувда қайд этилганидек, Шаҳрихонда 66 та маҳаллада 109 та трансформатор ва 1 222 та бетон таянч ўрнатилиб, 38,24 км СИП кабел тармоғи тортилгани, 31 та маҳаллада 8,13 км ичимлик суви тармоғи қурилиб, 23 та сув насоси ўрнатилгани маълум қилинди. Балиқчида “Ижтимоий реестр”га киритилган оилалар улуши йил бошидаги 4,4 фоиздан 3,9 фоизга туширилди. “Қияли” маҳалласидаги 240 ўринли эски мактаб ўрнига 960 ўринли янги мактаб қурилиши белгиланиб, Андижон – Наманган автомобиль йўлининг Балиқчи ҳудудидан ўтувчи 25 км қисмида махсус тўсиқлар ўрнатиш, Улуғнорни Фарғона ва Наманган вилоятлари билан боғловчи йўлнинг 17 км қисмини таъмирлаш каби вазифалар кўриб чиқилди.
Ўрганишлар натижасида ҳудудларда мавжуд иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятни тўлиқ ишга солиш, инфратузилма муаммоларини бартараф этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларини оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаш вазифаларига эътибор қаратилди.