Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 05-ноябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Янгиликлар

O'zLiDeP вакиллари Анқарадаги халқаро форумларда иштирок этди

05.11.2026 89
O'zLiDeP вакиллари Анқарадаги халқаро форумларда иштирок этди

2026 йил 30–31 октябрь кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида Адолат ва тараққиёт партияси (AK Parti) Хотин-қизлар қаноти ташаббуси билан туркий давлатлар хотин-қизларининг сиёсий етакчилиги, иқтисодий ва ижтимоий фаоллиги ҳамда ўзаро ҳамкорлигига бағишланган халқаро тадбирлар ўтказилди.

Анжуманларда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари — O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Аёллар муаммоларини ўрганиш ва ишбилармонлигин қўллаб қувватлаш бўлими бош консультани Нилуфар Отаева ҳамда партия Андижон вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати Хуршида Халилова иштирок этди.

Куннинг биринчи ярмида Sheraton Ankara Hotel & Convention Center мажмуасида «Туркий дунёда дипломатияда хотин-қизлар форуми» бўлиб ўтди. Унда туркий мамлакатлар вакиллари хотин-қизларнинг давлат бошқаруви ва дипломатиядаги иштироки, етакчилик салоҳияти, иқтисодий мустақиллиги ҳамда минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Форумнинг асосий сессиясида Хуршида Халилова «Хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги иштироки» мавзусида маъруза қилди. У Ўзбекистонда аёллар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди. Шунингдек, O‘zLiDePнинг ҳудудларда хотин-қизлар билан ишлаш тажрибаси ҳақида маълумот берди.

Шу куни кечқурун AK Parti Бош қароргоҳида «Сиёсатда аёл бўлиш: ҳикояларимиз, курашимиз ва муштарак келажагимиз» мавзусида халқаро мулоқот ташкил этилди. Унда Нилуфар Отаева «Хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш: сиёсат, тадбиркорлик ва ижтимоий ўзгариш» мавзусида маъруза қилди.

Ўз чиқишида у Ўзбекистонда хотин-қизларнинг сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича эришилаётган натижалар, уларнинг тадбиркорлик ва замонавий касбларга жалб этилиши, шунингдек, O‘zLiDePнинг «Ишбилармон аёл» ва «Халқ билан бирга» лойиҳалари доирасидаги фаолияти ҳақида сўз юритди.

Тадбирлар давомида AK Parti Бош раисининг ўринбосари Куршад Зорлу, партия Хотин-қизлар қаноти раиси Туғба Ишик Эржан ва туркий давлатлар вакиллари иштирокида ўзаро мулоқотлар бўлиб ўтди.

O‘zLiDeP вакиллари туркий давлатлар сиёсий партияларининг хотин-қизлар тузилмалари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, тадбиркор аёлларнинг ўзаро ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бўйича қўшма ўқув дастурларини ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирдилар.

Анқарадаги халқаро тадбирлар туркий давлатлар хотин-қизлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва келгусида амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?