Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Янгиликлар

Партия кадрлари учун тизимли ўқувлар давом этмоқда

18.06.2026 379
Партия кадрлари учун тизимли ўқувлар давом этмоқда

Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ҳамда аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли вазифаларни амалга оширишда сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият юклатилмоқда. Айниқса, партия тизимида фаолият юритаётган кадрларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг профессионал салоҳиятини мустаҳкамлаш бугунги куннинг муҳим талабларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари билан ҳамоҳанг тарзда изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан партия тизимида меҳнат қилаётган кадрларнинг сиёсий ва профессионал маҳоратини ошириш мақсадида ташкил этилаётган ўқув курслари бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ташкил этилган ўқув курсларнинг дастлаб босқичида партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбарлари иштирок этиб, республика бўйича жами 195 нафар масъул ходимнинг сиёсий ва профессионал малакаси оширилди. Ушбу курслар партия тизимида фаолият юритаётган раҳбар кадрларнинг бошқарув кўникмаларини ривожлантириш, партиявий фаолиятни ташкил этишнинг замонавий усулларини ўрганиш ҳамда аҳоли билан ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилди.

Айниқса, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Кенгашларининг туман ва шаҳар Кенгашлари раислари учун ўқув машғулотларининг офлайн шаклда ташкил этилгани иштирокчиларга назарий билимларни амалий машғулотлар билан мустаҳкамлаш имконини берди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган вилоят Кенгашларининг туман ва шаҳар Кенгашлари раислари учун ўқув машғулотлари онлайн шаклда ташкил этилиб, натижада мазкур ҳудудлардан жами 191 нафар раҳбар кадрлар ўз малакасини ошириб, партиянинг жойлардаги фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича янги билим ва тажрибаларга эга бўлдилар.

Бугунги кунда O‘zLiDeP олдида турган муҳим вазифалардан бири – партиянинг ҳар бир бўғинида профессионал ва ташаббускор кадрлар корпусини шакллантиришдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳудудий Кенгашларнинг Депутатлар, партия гуруҳлари ва сиёсий таълим билан ишлаш бўлими, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими, Аёллар муаммоларини ўрганиш ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш бўлими, Жамоатчилик билан алоқалар, ахборот сиёсати ва мафкуравий ишлар бўлими, Ташкилий-кадрлар ва БПТлар билан ишлаш бўлими мудирлари ҳамда бош мутахассислари учун ташкил этилган ўқув курслари алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур ўқувларда жами 79 нафар масъул ходим иштирок этиб, партия фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича чуқур билимларга эга бўлди. Жумладан, депутатлик фаолиятини мувофиқлаштириш, партия гуруҳлари самарадорлигини ошириш, аҳоли билан ишлашнинг янги механизмлари, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ахборот сиёсати ва мафкуравий фаолиятни кучайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш каби муҳим мавзулар қамраб олинди.

Ўқув жараёнларига Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, соҳавий экспертлар, партиянинг марказий аппарати департамент раҳбарлари ҳамда тажрибали мутахассислар жалб этилгани таълим сифатини янада оширишга хизмат қилди. Машғулотларда нафақат назарий билимлар, балки амалий кейслар, реал ҳаётий мисоллар ва муаммолар ечимига қаратилган муҳокамалар ҳам ўтказилди.

Бу каби ўқув курслари партиянинг янги дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, партия томонидан илгари сурилаётган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида аҳоли билан мулоқот қилиш, муаммоларни ўрганиш, манзилли ёрдам кўрсатиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий масъулиятни кучайтириш каби вазифаларни амалга ошириш юқори малакали кадрларни талаб қилади.

Зеро, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, жойлардаги муаммоларни чуқур ўрганиш, фуқароларнинг таклиф ва ташаббусларини умумлаштириб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришиш партия кадрларидан юқори билим, сиёсий тафаккур ва масъулият талаб этади. Шу маънода мазкур ўқув курслари партия фаолларининг замонавий билим ва кўникмаларини бойитиш, уларнинг халқ манфаатларига хизмат қилиш салоҳиятини оширишга қаратилган муҳим лойиҳа ҳисобланади.

Шунингдек, O‘zLiDeP томонидан кадрлар малакасини ошириш ишлари босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Кейинги босқичда ҳудудий Кенгашларнинг бош бухгалтерлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбарлари учун ҳам махсус ўқув курсларини ташкил этиш режалаштирилган.

Бу эса партия тизимида фаолият юритаётган ҳар бир ходимнинг ўз соҳаси бўйича билим ва малакасини мунтазам ошириб боришга қаратилган яхлит тизим шаклланаётганидан далолат беради. Натижада партиянинг барча бўғинларида профессионаллик, масъулият ва ташаббускорлик муҳити мустаҳкамланиб, O‘zLiDePнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва нуфузи янада ортишига хизмат қилади.

Энг муҳими, мазкур ўқув курслари орқали шаклланаётган билимли ва фидойи кадрлар партиянинг халқчиллик, очиқлик ва амалий натижадорлик тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим куч бўлиб хизмат қилади. Бу эса Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдек эзгу мақсадларга эришишга мустаҳкам замин яратади.

Насимжон АЛИМОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Амалий лойиҳалар ва сиёсий таълим маркази раҳбари

 

Сайтни янги дизайни ёқдими?