Пахтаободдаги сайёр қабулда 5 нафар талабага шартнома пулларини тўлаш учун ваучер берилди
Андижон вилояти, Пахтаобод туманида O'zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилган сайёр қабул аҳоли билан очиқ мулоқот ва муаммоларга амалий ечим топиш майдонига айланди. Қабулда партия вилоят Кенгаши раҳбарлари, маҳаллий депутатлар, туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, 30 дан ортиқ маҳалладдан келган фуқароларнинг 50 дан зиёд мурожаатларини тинглади.
Мурожаатларда асосан ички йўлларни таъмирлаш, бандлик, таълим контрактлари, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш масалалари кўтарилди. Хусусан, талаба Ҳилола Сайфуллаевага контракт тўловининг 50 фоизини қоплаш учун ваучер ажратилди, Марғубахон Қирғизованинг бепул даволаниш ордери расмийлаштирилди, Хосиятхон Абдуллаева эса ногиронлик аравачаси билан таъминланди.
Сайёр қабул якунида 30 дан ортиқ мурожаат жойида ҳал этилди. Шунингдек, 5 нафар ёшга контракт учун ваучерлар, 2 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси ва қўлтиқтаёқлар, эҳтиёжманд оилаларга эса озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Бундай амалий ишлар аҳоли ишончини мустаҳкамлаб, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилмоқда.