Термиз шаҳридаги сайёр қабулда 56 мурожаатга ечим топилди
O'zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Термиз шаҳрида сайёр қабул ташкил этилди. Унда 150 нафарга яқин фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Қабулда сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳокимлик ва коммунал соҳа мутасаддилари иштирок этиб, аҳолини қийнаётган масалаларга ечим изланди.
Сайёр қабул давомида иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдам, тиббий хизмат, газ, сув ва электр таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар тингланди. Хусусан, “Мангузар” маҳалласида яшовчи Зарина Қобилованинг ногиронлиги бўлган фарзанди учун махсус аравача ажратилди, “Намуна” маҳалласи фуқароси Фотима Розиқованинг газ баллони бўйича мурожаати ҳам жойида ҳал этилди.
Қабул якунида 56 та мурожаат ижобий ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб қилувчи масалалар эса назоратга олинди. Бундай очиқ мулоқотлар аҳоли муаммоларини тезкор ҳал қилиш, инсон қадрини улуғлаш ва халқ ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.