“Тилло Домор” Осиё ва Европа бозорларига пишлоқ маҳсулотларини етказиб бермоқда
O‘zLiDeP Урганч туман Кенгаши ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти” лойиҳаси доирасида Урганч туманидаги “Тилло Домор” хусусий корхонасида учрашув ташкил этилди. “Халқ билан бирга” дастури доирасида ўтказилган тадбирда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда миллий маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
2000 йилда ўз фаолиятини бошлаган мазкур корхона сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, бугунги кунда 112 нафар ишчи-хизматчини доимий иш билан таъминлаган . Корхонада сут ва сут маҳсулотларининг 60 дан ортиқ тури ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Европадан келтирилган замонавий технология ва ускуналардан фойдаланилмоқда. Шунингдек, “Тилло Домор” бренди остидаги пишлоқ маҳсулотларини Қозоғистон, Туркия ва Озарбайжон бозорларига экспорт қилмоқда.
Учрашув давомида ишлаб чиқариш жараёнлари, корхонанинг мавжуд имкониятлари ва экспорт салоҳияти муҳокама қилинди. Тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш, маҳсулотлар бозорини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, корхонадаги 15 нафар аъзони бирлаштирган O‘zLiDeP бошланғич партия ташкилоти фаолиятига эътибор қаратилиб, экспорт ва маркетинг йўналишларида амалий кўмакни кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.