Тўрткўлдаги сайёр қабул: мурожаатлар ечим топмоқда
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий лойиҳаси доирасида Тўрткўл туманида ўтказилган сайёр қабулда фуқароларнинг ичимлик суви, электр, газ таъминоти, ижтимоий ҳимоя, бандлик, тиббий хизмат ва имтиёзли кредитларга оид мурожаатлар муҳокама қилинди. Мурожаатларнинг бир қисми шу жойнинг ўзида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этилган масалалар эса масъуллар назоратига олинди.
Сайёр қабулда аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор амалий ишларга қўл урилди. Жумладан, 5 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога аравача, 5 нафар ёшга контракт тўловлари учун кўмак, 3 нафар хотин-қизга тадбиркорликни бошлаш учун махсус печлар, 2 нафар фуқарога паррандачилик учун инкубатор ҳамда 5 нафар кексага санаторий йўлланмалари топширилди. Шунингдек, 5 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди.
Сайёр қабулдан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р. Мамутов ногиронлик аравачалари сўраб мурожаат қилган фуқаролар хонадонига ташриф буюриб, уларга аравачаларни шахсан топширди. Бу каби амалий ёндашувлар аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш, манзилли кўмак кўрсатиш ва халқ билан очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.