Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабаларига O‘zLiDeP стипендияси берилди
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ўтказилган мазкур тадбирда O'zLiDeP фракцияси аъзолари, талаба-ёшлар ҳамда институтнинг профессор-ўқитувчилари иштирок этди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — ёшларнинг фикр ва ташаббусларини тинглаш, уларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат бўлди.
Мулоқот давомида O'zLiDeP томонидан амалга оширилаётган қатор янги ташаббуслар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, дастур доирасида республика бўйлаб ёшлар иштирокида турли акциялар, очиқ мулоқотлар, конференциялар, семинарлар ва учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилгани қайд этилди. Шунингдек, “Креатив тадбиркор ёшлар”, “Ёшларнинг стартап дастурларини қўллаб-қувватлаш”, “IT ва сунъий интеллект етакчилари” “Ёш фермерлар тажриба мактаби”, “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” ҳамда “Янги Ўзбекистон ёшлари: фаровонлик ва инновацион келажак сари” каби ташаббуслар орқали инновацион ғояларга эга, замонавий фикрлайдиган ва тадбиркорликка қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсад қилингани таъкидланди.
Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб, таълим, бандлик, стартапларни молиялаштириш, замонавий касбларга ўқитиш ва ижтимоий фаолликни ошириш бўйича қатор таклифларини илгари сурдилар. Қайд этилганидек, партия ёшларнинг ҳар бир конструктив ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёр ва бу борада амалий механизмлар янада кенгайтирилади.
Мулоқот доирасида яна бир муҳим ташаббус — O'zLiDeP стипендиясига старт берилди. Унга кўра, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг фаол ва иқтидорли талабаларига партия стипендияси топширилди.
Таъкидланганидек, мазкур ташаббус келгусида республика миқёсида босқичма-босқич амалга оширилиб, турли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли ёшларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Тадбир якунида ёшлар билан бундай очиқ мулоқотларни мунтазам ташкил этиш, уларнинг ташаббус ва ғояларини амалиётга татбиқ этиш орқали мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳиссини янада мустаҳкамлаш муҳим экани алоҳида таъкидланди.