50 нафарга яқин фуқаро ссуда ва имтиёзли кредитлардан фойдаланди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Хўжайли туманида аҳоли ва ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди.
Унда 300 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этиб, бандлик, тадбиркорлик, ижтимоий ҳимоя, коммунал хизматлар ва маҳаллалар инфратузилмасига оид масалалар юзасидан мурожаат қилишди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва мустақил даромад манбаини яратишига алоҳида эътибор қаратилди. Меҳнат ярмаркаси орқали 10 нафарга яқин фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, иш изловчиларга бўш иш ўринлари бўйича йўлланмалар берилди. Ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган 8 нафар фуқарога пайвандлаш ускуналари олиб берилди.
Шунингдек, 50 нафарга яқин фуқарога ссуда ва имтиёзли кредитлар асосида мотокультиватор, тикув машинаси, маиший техника ва турли тадбиркорлик фаолияти учун зарур ускуналар ажратилди. “Ёшлар дафтари” жамғармаси томонидан эса 10 нафар йигит-қизга иссиқхона ташкил этиш, пайвандлаш, гўзаллик салони ва сартарошхона фаолиятини йўлга қўйиш учун ваучерлар берилди.