Ёшлар билан сиёсий саводхонлик мавзусида мулоқот ўтказилди
Бугунги кунда ёшларнинг сиёсий билими ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларни мамлакатимиздаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшашга ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. Бу эса ёшларда мустақил фикрлаш ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга хизмат қилади.
Шу мақсадда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари билан «Сиёсий саводхонлик» лойиҳаси доирасида учрашув ўтказилди.
Унда ёшларнинг сиёсий билимларини ошириш, давлат бошқаруви, қонунчилик жараёнлари ва сиёсий институтлар фаолияти ҳақидаги билимларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда сиёсий саводхонлик ҳар бир фуқарога ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиш, мамлакатдаги ўзгаришларни тушуниш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиш имконини бериши таъкидланди. Шунингдек, ёшларнинг ўз фикрига эга бўлиши, турли жараёнларга мустақил баҳо бериши ва ташаббус кўрсатиши муҳимлиги қайд этилди.