Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 15-октябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Янгиликлар

Замонавий шаҳарсозлик намунаси

15.10.2026 90
Замонавий шаҳарсозлик намунаси

Давлатимиз раҳбарининг Янги Тошкентда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиб, инвесторлар билан ўтказган самимий мулоқоти мамлакатимизда шаҳарсозликка бўлган ёндашув янги босқичга кўтарилаётганини яққол кўрсатади.

Ҳудудда шу пайтгача 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция ўзлаштирилгани, умумий қиймати 1 миллиард долларлик еттита объект фойдаланишга топширилгани ҳамда яна 2,5 миллиард долларлик ўнта йирик лойиҳа қурилишига старт берилгани мазкур жараённинг кўлами нақадар кенглигини акс эттираётир. Айниқса, замонавий энергия тизимлари, муҳандислик тармоқлари, яшил ҳудудлар, таълим муассасалари ва транспорт инфратузилмасининг барпо этилиши янги шаҳарнинг узоқ муддатли ривожланиши учун асос яратади.

Мазкур лойиҳанинг энг муҳим жиҳатларидан бири — иқтисодий ўсиш билан инсонлар учун қулай яшаш муҳитини ўзаро уйғунлаштиришга интилиши билан боғлиқ. Янги Тошкентда 2 минг гектар яшил майдон ҳамда 500 гектар истироҳат боғларини ташкил этиш, чиқиндилардан электр энергияси олиш, қуёш панелларидан фойдаланиш каби ташаббуслар шаҳар ривожида экологик масалалар ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Бундай ёндашувда қурилиш ҳажмидан ташқари, яратилаётган муҳитнинг сифати, экологик барқарорлиги ва аҳолига қулайлиги билан ҳам натижага баҳо бериш мумкин.

Президентимизнинг инвесторлар билан мулоқотида хусусий сектор фаоллигини ошириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларини соддалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу жуда муҳим. Нега деганда, йирик шаҳарни барпо этишда давлат инфратузилмани яратиб бериши билан бирга, хусусий инвестициялар учун ҳам аниқ ҳамда барқарор шароитлар шакллантирилиши зарур. Ер ажратиш, рухсат олиш ва лойиҳаларни ишга тушириш жараёнларининг шаффофлиги инвесторларга ишонч беради, соғлом рақобатни кучайтириб, иқтисодий фаолликни оширади.

Эътиборлиси, хизмат кўрсатиш, туризм, бизнес марказлари, хусусий мактаб, боғча ва шифохоналар учун инфратузилма тўловларини камайтириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган. Бу имкониятлар амалда янги корхоналар ташкил этилиши, иш ўринлари кўпайиши ҳамда аҳолининг сифатли хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгайишига замин яратади.

Янги Тошкент иқтисодий имкониятларидан пойтахт тадбиркорлари билан бирга, юртимизнинг бошқа ҳудудларидаги ишбилармонлар ҳам фойдаланиши кўзда тутилмоқда. Бу тенглик, шаффофликнинг бир кўриниши, албатта. Ҳудудлар тадбиркорларига ер майдонлари ажратилиши бўйича белгиланган ёндашув ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва инвестиция фаоллигини мамлакат бўйлаб рағбатлантириш нуқтаи назаридан ҳам ғоятда аҳамиятли.

Биз, халқ вакиллари ушбу жараёнларда қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек, инвесторларга яратилган имкониятлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари ва шаҳарсозлик талаблари ўзаро уйғун ишлашини таъминлашимиз зарур. Шу билан бирга, қурилиш сифати, экологик талаблар, транспорт қулайлиги, ижтимоий инфратузилма ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари ҳам доимий эътиборда бўлади.

Умуман, Янги Тошкентнинг ҳақиқий самараси бу ерда қанча янги иш ўрни очилгани, аҳоли учун қандай шароитлар яратилгани ва тадбиркорлар учун қанчалик қулай иқтисодий муҳит юзага келгани билан баҳоланади. Шу маънода, бугун бошланган лойиҳаларнинг изчил амалга оширилиши мамлакатимизда замонавий шаҳарсозлик маданияти ҳамда янги иқтисодий марказларни ривожлантириш учун муҳим тажриба бўлиб хизмат қилади.

 

Ойбек ЮЛДОШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?