Жомбойда 68 нафар ёш ишли бўлди
Жомбой туманида аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни муносиб иш ўринларига йўналтириш мақсадида “Ишга марҳамат” меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилган тадбирда 300 нафардан ортиқ ёш иштирок этди. 40 дан зиёд корхона ва ташкилот 580 та бўш иш ўрнини таклиф қилди.
Ярмаркада ёшларга вакансиялар, меҳнат шартлари, иш ҳақи ва ишга қабул қилиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди. Иш берувчилар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, ёшларнинг қизиқиши ва қобилиятига мос иш ўринлари юзасидан амалий тавсиялар берилди. Натижада 68 нафар ёш ишга йўлланма олди.
Шунингдек, тадбиркорликни бошлаш ёки мавжуд бизнесини кенгайтириш истагидаги ёшларга имтиёзли кредитлардан фойдаланиш тартиби тушунтирилди. Бундай меҳнат ярмаркалари ёшларни иш билан таъминлаш билан бир қаторда, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорликка жалб этиш ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун амалий имконият яратмоқда.